СУВДАН НОҚОНУНИЙ ФОЙДАЛАНАЁТГАНЛАР АНИҚЛАНИБ, ТЕГИШЛИ ЧОРАЛАР КЎРИЛАЯПТИ
2025-09-18 18:10:00 / Коррупцияга қарши амалга оширилаётган ишлар

Шу билан бирга, сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланаётганлар тармоқдан узилиб, ҳолат такрор содир этилса, айбдорларга кескин чоралар кўрилиши ва маъмурий жарималар қўлланилиши юзасидан огоҳлантирилмоқда.
Жумладан, назоратчиларимиз Жарқўрғон тумани "Сув етказиб бериш хизмати" ДМ балансидаги Норали Боймуродов номли каналда истеъмолчиларга ажратилган сувдан фойдаланиш ҳолатини ўрганди. Суғориш тармоғининг ПК-04 дан ПК-08 гача бўлган оралиғида фуқаролар томонидан каналнинг 2–3 та жойидан ўйиб, қувур ўтказиб, ўзбошимчалик билан сувни ўзларига тегишли далаларга бошқариб қўйгани аниқланди.
Худди шу суғориш тармоғининг ПК-09+20 қисмида гидроиншоот ўрнатмай туриб, қувур орқали сув очиб қўйилган. Ўзбошимчалик билан сувдан фойдаланаётган фуқаролар огоҳлантирилди ва қувурлар тармоқдан олиб ташланди. ДМ мутахассисларига сувни назорат қилмаётгани, канал лойқаю чиқиндиларга тўлиб қолгани, каналнинг ичи ва ташқи қисмини ғумай ва бошқа бегона ўтлар босиб, сув равон оқишига халақит қилаётгани кўрсатилиб, канални зудлик билан механизмлар ёрдамида тозалаш тавсия қилинди.
Назоратчиларимиз Жарқўрғон тумани ҳудудида жойлашган "Супратош" насос станцияси орқали чиқарилаётган сувдан фойдаланиш ҳолатини ўрганганда қатор камчиликлар шоҳиди бўлдилар. Жумладан, насос станцияси босимли қувурининг бир неча жойидан айрим фуқаролар ўзбошимчалик билан задвижка ўрнатиб сувдан фойдаланаётгани ойдинлашди. Насос станцияси ходимларига ҳолат кўрсатилди, ҳушёрликни ошириш, бепарво бўлмаслик уқтирилиб, задвижкалар олиб ташланди ва босимли қувурнинг ўйилган қисми пайвандланди.
Ходимларимиз Қизириқ туманидаги Р-4, Ангор туманидаги "Новшаҳар" ва “Марказ” каналлари ҳамда Ангор тумани марказидаги шоҳариқда оқиб турган сувдан истеъмолчилар фойдаланиши юзасидан рейд тадбири ўтказганда фуқаролар ва деҳқон хўжаликлари томонидан суғориш тармоқлари ўртасига тупроқ билан тўлдирилган қоплар ва бетон парчаларини бостириб ташлаб, сувдан ноқонуний фойдаланаётгани аниқланди. Суғориш тармоқларининг айрим қисмидан механизмлар ёрдамида, бир қисмидан эса айбдорларнинг қўл кучи ёрдамида тўсиқлар олиб ташланди ва ҳолат қайта такрорланган тақдирда маъмурий чоралар кўрилиши юзасидан огоҳлантириш берилди.
"Тўпаланг-Қоратоғ" ирригация тизими бошқармасига қарашли каналларда оқиб турган сувдан фуқаролар ва деҳқон хўжаликлари томонидан гоҳ насос агрегати ўрнатиб, гоҳ қулоқ очиб, ўзбошимчалик билан фойдаланиш ҳолатлари деярли ҳар куни содир этилаяпти. Масалан, "Ҳазорбоғ" каналидан сув олувчи "Мингжар-2" каналининг умумий узунлиги 15,9 километр бўлиб, каналнинг юқори қисми Олтинсой туманидан бошланиб, қуйи қисми Шўрчи туманига туташган. Олтинсой туманидан ўтган қисмида маҳаллий фуқаролар томонидан каналнинг бир неча жойида ўзбошимчалик билан қулоқ очиб ва тўсиқ қўйиб сувдан ноқонуний фойдаланаётгани аниқланди ҳамда назоратчиларимиз раҳбарлигида қулоқлар ёпилиб, тўсиқлар олиб ташланди.
Қисқаси, мутахассисларимиз каналлар ва бошқа суғориш тармоқларига етказиб берилаётган обиҳаётдан истеъмолчиларнинг самарали ҳамда мақсадли фойдаланишини қатъий назорат қилиш билан бирга сув ва сув ресурсларидан фойдаланишда белгиланган тартиб-тамойилларга қатъий риоя қилмаётган истеъмолчилар ва ўзбошимча фуқароларга нисбатан тегишли чоралар кўраяпти.
Шуҳрат Суюндиков,
«Сувхўжаликназорат» инспекцияси
Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи
