СУВХЎЖАЛИКНАЗОРАТ ИНСПЕКЦИЯСИДА УСКУНАЛАРНИ ТОПШИРИШ МАРОСИМИ БЎЛИБ ЎТДИ
2025-07-01 15:10:00 / Янгиликлар

Бугун Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига “Ўзбекистонда Сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” доирасида харид қилинган ускуна ва жиҳозларни топшириш маросими ўтказилди.
Бу Сувхўжаликназорат инспекциясига кўрсатилаётган техник кўмакнинг муҳим босқичи бўлиб, унинг институционал ва техник салоҳиятини оширишга қаратилган. Лойиҳа доирасида ташкилотда ходимлар салоҳиятини ошириш, замонавий офис ва дала жиҳозлари билан таъминлаш бўйича комплекс таҳлил ўтказилган. Бу таҳлил сув ресурсларини самарали назорат қилиш вазифаларини тўлиқ амалга ошириш учун муҳим қадам бўлди.
Тадбирда Сув хўжалиги вазири ўринбосари Ўткир Шералиев сўзга чиқиб, сув ресурсларига бўлган талаб йил сайин ортиб бораётган ҳозирги шароитда сувдан фойдаланиш устидан назоратни самарали амалга оширишнинг стратегик аҳамиятини таъкидлади.
Швейцария элчихонаси миссияси раҳбарининг ўринбосари, ҳамкорлик бўлими раҳбари Андрин Финк ўз нутқида Ўзбекистоннинг сув ресурсларини мониторинг қилиш ва назорат тизимларини такомиллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдириб, Швейцария томони бу йўналишдаги институционал салоҳиятни ривожлантиришда ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини айтиб ўтди.
Шунингдек, инспекция раҳбари Рустам Раҳимов ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари — ходимларни ўқитиш ҳамда янги технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. У аввал олиб борилган эҳтиёжларни баҳолаш жараёни ва амалга оширилган ечимлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Тадбир якунида “Сувхўжаликназорат” инспекцияси ходимларига 160 та планшет, 24 та компьютер ва 15 та принтер топширилди. Энди Инспекция ходимлари жойларда аниқланган сувга доир ҳуқуқбузарлик ҳолатларини электрон шаклда расмийлаштириш учун вилоят марказига 80 -100 км гача бориб, қийналиб юришмайди.
Тарқатилган планшетлар билан сувга доир маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича жойида электрон шаклда баённома расмийлаштира олишади. Бу қадам Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда улар устидан ишончли назоратни таъминлашга хизмат қилиши эътироф этилди.
Ахборот хизмати

