Сув олиш тартибини бузганлик учун молиявий санкцияларни қўллаш механизми белгиланди.
2026-11-12 17:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ушбу масалани ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 октябрдаги 585-сон қарори билан 2023 йил 27 сентябрдаги 500-сон қарорга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, “Қишлоқ хўжалиги, балиқчилик хўжалиги, саноат, энергетика ва хўжалик-маиший эҳтиёжларга сув олиш тартибини бузганлик учун молиявий санкцияларни қўллаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
Мазкур Низом юридик шахслар томонидан сув олиш тартиби бузилган ҳолатларни расмийлаштириш, олинган сув миқдорини аниқлаш, молиявий санкцияларни ҳисоблаш ва қўллаш, шунингдек, уларни тўлаш билан боғлиқ жараёнларнинг аниқ тартибини белгилайди.
Низом талабларининг муҳим жиҳатларига тўхталадиган бўлсак, биринчидан, сув олиш тартиби бузилган ҳолда олинган сув миқдорини аниқлашнинг ҳуқуқий асослари ҳам такомиллаштирилди.
Жумладан, ерусти сув объектларидан сув олиш тартиби бузилган ҳолда олинган сув миқдори сув олиш жойларида ўрнатилган сувни ҳисобга олиш (шу жумладан, “ақлли” сув ўлчаш ва ҳисоблаш) ускуналари маълумотлари, ваколатли органлар билан юридик шахслар ўртасида “Suv hisobi” ахборот тизимида тузилган далолатномада қайд этилган сувнинг ҳисоботи маълумотлари, шунингдек, сув объектларидан олинган ва уларга қайтариб қуйиладиган сув миқдори ўртасидаги фарқдан келиб чиқиб аниқланади.
Агар сув олиш жойлари сувни ҳисобга олиш (шу жумладан, “ақлли” сув ўлчаш ва ҳисоблаш) ускуналари билан жиҳозланмаган ва қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланилган сувнинг ҳақиқий миқдорини аниқлашнинг имкони бўлмаган тақдирда, суғориладиган майдонларнинг ўлчами, суғоришлар сони, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш режими ҳамда сув олиш давомийлигидан келиб чиққан ҳолда, ҳажмий ҳисоблаш усулида аниқланади.
Бу эса сувдан фойдаланишда ҳисобдорликни ошириш, тартиббузарлик ҳолатларини аниқ далиллар асосида расмийлаштириш ва молиявий санкцияларни адолатли ҳисоблаш имконини беради.
Иккинчидан, молиявий санкцияларни қўллаш жараёни рақамлаштирилди.
Муҳим жиҳатларидан бири — молиявий санкцияларни қўллаш жараёнининг “suvnazorat.uz” ахборот тизими орқали амалга оширилишидир.
Бунда аниқланган тартиббузарлик ҳолати бўйича текширув далолатномаси электрон шаклда расмийлаштирилади ва Инспекция ходими ҳамда юридик шахс раҳбари ёки унинг ўрнини босувчи шахс томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.
Юридик шахс текширув натижалари бўйича ўз эътирозларини далолатномада акс эттириш, шунингдек, далолатномани олган кундан бошлаб беш иш куни ичида қўшимча тушунтириш ёки эътирозларини тақдим этиш ҳуқуқига эга.
Молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги иш материаллари далолатнома тузилган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқилади.
Қарор ва молиявий санкция ҳисоби “suvnazorat.uz” ахборот тизими орқали расмийлаштирилиб, юридик шахсга бир иш кунида буюртма хат ёки электрон ахборот тизими орқали юборилади.
Шу тариқа, назорат тадбиридан тортиб молиявий санкцияни расмийлаштириш ва унинг ижросини таъминлашгача бўлган жараёнда рақамли технологиялардан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.
Учинчидан, муҳим янгиликлардан бири– 2027 йил 1 январдан бошлаб йил давомида биринчи марта сув олиш тартибини бузган, лекин фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи, ўзгалар мулкига зарар етказмаган юридик шахсларга нисбатан “Биринчи хато учун — огоҳлантириш” қоидаси татбиқ этилмоқда.
Бунда Инспекция томонидан юридик шахс “suvnazorat.uz” ахборот тизими орқали огоҳлантирилади ва аниқланган тартиббузарликни бартараф этиш бўйича кўрсатма берилади.
Агар огоҳлантириш қўлланилганидан кейин ўн кун муддатда тартиббузарлик бартараф этилмаса, юридик шахсга нисбатан молиявий санкция қўлланилади.
Шунингдек, Инспекция зиммасига мазкур қоида қўлланилган юридик шахслар реестрини юритиш мажбурияти юклатилган.
Бу механизмнинг жорий этилиши тадбиркорлик субъектларига йўл қўйилган камчиликларни мустақил бартараф этиш имконини бериш билан бирга, қонунчилик талабларига риоя этиш масъулиятини ҳам оширади.
Тўртинчидан, молиявий санкцияларни тўлашда тадбиркорлик субъектлари учун енгилликлар белгиланди.
Янги тартибда молиявий санкцияларни тўлашда ҳам муҳим енгилликлар назарда тутилган.
Жумладан, юридик шахс молиявий санкция тўғрисидаги қарор ва ҳисобни олган кундан бошлаб бир ой муддатда ҳисобланган сумманинг 50 фоизини ихтиёрий равишда тўласа, қолган қисмини тўлашдан озод этилади.
Шунингдек, молиявий санкция суммасини олти ойдан кечиктирмасдан бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам мавжуд.
Бунда юридик шахс қарор ва ҳисобни олган кундан бошлаб бир ой ичида ҳисобланган сумманинг камида олтидан бир қисмини дастлабки тўлов сифатида тўлаши лозим. Шундан сўнг қолган суммани олти ойгача бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби автоматик равишда амал қилади.
Агар юридик шахс белгиланган бир ойлик муддатда тегишли ихтиёрий тўловни амалга оширмаса, Инспекция томонидан унга нисбатан молиявий санкцияни қўллаш тўғрисида судга даъво аризаси киритилади.
Бунда юридик шахс томонидан текширув далолатномаси ёки молиявий санкция ҳисоби юзасидан шикоят қилинган тақдирда, шикоят кўриб чиқилгунга қадар молиявий санкцияларни қўллаш жараёни ва муддати тўхтатиб турилади.
Мазкур Низомнинг қабул қилиниши сувдан фойдаланиш соҳасида қонунийликни таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда сув олиш тартибига риоя этилишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Энг муҳими, янги тартиб орқали сув олиш тартибини бузганлик учун молиявий санкцияларни қўллашнинг аниқ механизми, сув ҳажмини ҳисоблаш усуллари, ҳужжатларни электрон расмийлаштириш ва ихтиёрий тўловларни амалга ошириш тартиби белгиланди.
Шу билан бирга, “Биринчи хато учун — огоҳлантириш” қоидасини жорий этилиши тадбиркорлик субъектларига тартиббузарликни бартараф этиш учун имконият яратиши, молиявий санкцияларни ихтиёрий тўлашдаги имтиёзлар эса уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Шу боис сувдан фойдаланувчи ҳар бир юридик шахс белгиланган сув олиш лимитларига қатъий риоя этиши, сув олиш шартномаларини расмийлаштириши, сувни ҳисобга олиш воситаларидан фойдаланиши ва етказиб берилган сув ресурсларидан оқилона ҳамда мақсадли фойдаланиши лозим.
Зеро, сув ресурсларини асраш ва улардан самарали фойдаланиш — бугунги куннинг долзарб вазифаси, келажак авлодлар олдидаги масъулиятимиздир.
Рустам Рахимов
“Сувхўжаликназорат”
инспекцияси бошлиғи
