Сув хўжалиги иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш — муҳим вазифа
2026-09-25 14:00:00 / Янгиликлар

“Сувхўжаликназорат” инспекциясида Экспертлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда республикадаги сув хўжалиги ва гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, “Миришкор”, “Катта Андижон”, “Нарпай” каналлари, “Қарши” гидроузели, “Юқоричирчиқ” сув узели, “Пахта-Арна” ва “Байрам-сака” каналлари бош иншоотлари, “Қиличниёзбой” каналининг 1-участкаси “Туранги-сака” канали бош иншооти билан биргаликда, 2-участкаси ҳамда “Қуйимозор” ёрдамчи насос станциясининг хавфсизлик декларациялари кўриб чиқилди.
Шунингдек, “Бўзсув” (ГЭС-1) ГЭСининг хавфсизлик декларацияси ҳамда “Ғазалкент” ва “Хўжакент” ГЭСларининг хавфсизлик мезонлари Экспертлар кенгаши аъзолари томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, белгиланган тартибда тасдиқланди. Таъкидланганидек, гидротехника иншоотларининг хавфсизлик декларацияларини экспертизадан ўтказиш уларнинг техник ҳолатини баҳолаш, мавжуд ва эҳтимолий хавфларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилашда муҳим аҳамиятга эга.
Йиғилишда экспертлар томонидан берилаётган хулосаларнинг асосланганлиги, холислиги ва сифатини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, ҳар бир эксперт хулосаси иншоотнинг хавфсиз ва ишончли ишлаши, эксплуатация жараёнида юзага келиши мумкин бўлган хавфларни барвақт аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича амалий чораларни белгилаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, экспертиза жараёнида замонавий ёндашувлар ва техник талабларга қатъий риоя этиш муҳимлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, Экспертлар кенгаши аъзолари билан жорий йилнинг IV чорагида гидротехника иншоотлари хавфсизлиги бўйича идоралараро самарали ҳамкорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Унда гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги ва ишончли ишлашини таъминлаш бўйича устувор вазифаларни белгилаш, соҳада мавжуд масалаларни тизимли таҳлил қилиш, муаммоларни барвақт аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича амалий чораларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Умуман, гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш доимий назорат, мониторинг, экспертиза ва профилактик чораларни талаб этадиган муҳим жараёндир. Иншоотларнинг техник ҳолатини мунтазам ўрганиш, хавфсизлик декларацияларини сифатли экспертизадан ўтказиш ва соҳадаги масъул ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали уларнинг ишончли ва барқарор фаолиятини таъминлаш мумкин. Экспертлар кенгаши йиғилишида белгиланган вазифалар ҳам шу мақсадга қаратилган бўлиб, сув хўжалиги иншоотлари хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.





