Оммавий профилактик тиббий кўрик ташкил этилди.
2026-08-20 10:30:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 20 август куни Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Лабзак 1А-уйда сув хўжалиги ходимлари учун профилактик тиббий кўрик ташкил этилди. Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг 20 нафар ходими иштирок этди.
Тиббий кўрик Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳузуридаги Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг мобил тиббий клиникаси томонидан ўтказилди.
Ходимларни кўрикдан ўтказишдан асосий мақсад уларнинг саломатлигини мунтазам назорат қилиш, мавжуд касалликларни эрта босқичда аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдан иборат бўлди.
Тадбир давомида терапевт, гинеколог-маммолог шифокорлар, шунингдек, лаборатория мутахассислари томонидан ходимларнинг саломатлик ҳолати комплекс ўрганилди. Жумладан, умумий соғлиқ ҳолати, юрак-қон томир тизими, қон босими ва бошқа муҳим кўрсаткичлар бўйича тегишли текширувлар амалга оширилди, зарур лаборатория таҳлиллари ўтказилди.
Шунингдек, мобил тиббий клиниканинг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани текширувларни бевосита иш жойининг ўзида ташкил этиш имконини берди. Натижада ходимлар ортиқча вақт сарфламасдан, малакали мутахассислар кўригидан ўтиб, саломатлиги ҳолати юзасидан зарур тавсиялар олиш имконига эга бўлди.
Тадбир доирасида тиббий маданият ва шахсий гигиенага оид тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди. Ходимларга саломатлигига масъулият билан муносабатда бўлиш, юқумли ва бошқа касалликларнинг олдини олиш, стресс ва асабий зўриқишни камайтириш, жисмоний фаолликни ошириш, тўғри овқатланиш ҳамда иш ва дам олиш тартибига риоя қилиш бўйича амалий тавсиялар берилди.



