Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Рахимов Рустам Ботировичнинг Республикадаги барча сувдан фойдаланувчиларга МУРОЖААТНОМАСИ
2026-07-15 10:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

“Сувни зовурга ташлаб қўйишнинг ҳар бир ҳолати – фавқулодда ҳолат”
Ҳурматли фермерлар, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, кластерлар, сув истеъмолчилари уюшмалари, сув хўжалиги ташкилотлари мутахассислари ва барча сувдан фойдаланувчилар!
Бугунги кунда бутун дунёда сув ресурслари тақчиллиги, иқлим ўзгариши, қурғоқчилик даврларининг узайиши ва трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ омиллар сувдан оқилона ва самарали фойдаланишни давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бирига айлантирмоқда.
Ўзбекистонда ҳам сув ресурсларининг ҳар бир куб метри стратегик аҳамият касб этади. Шу боис, сувдан фойдаланиш тартибига ва интизомига қатъий риоя қилиш, суғориш тармоқларида сув исрофига йўл қўймаслик ва ҳар бир томчи сувни мақсадли сарфлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир.
Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, сувни зовурларга ташлаб юборишнинг ҳар бир ҳолати – бу оддий технологик камчилик эмас, балки сув ресурсларини бошқариш тизимидаги фавқулодда ҳолат сифатида баҳоланиши лозим.
Зовурларга ташланган ҳар бир куб метр сув:
- қишлоқ хўжалиги экинларининг сув таъминотини камайтиради;
- сув хўжалиги объектларини шикастлантиради;
- сув тақсимоти режаларининг издан чиқишига сабаб бўлади;
- насос станцияларининг ортиқча энергия сарфига олиб келади;
- давлат бюджети маблағлари ҳисобидан етказиб берилган сувнинг самарадорлигини пасайтиради;
- сув танқислиги шароитида бошқа сув истеъмолчиларининг қонуний ҳуқуқларини чеклайди;
- мелиоратив ҳолатнинг ёмонлашиши ҳамда ерларнинг иккиламчи шўрланиши хавфини кучайтиради.
Айниқса, вегетация мавсумида ҳар бир сув манбаси, ҳар бир магистрал ва хўжаликлараро канал, ички хўжалик тармоғи ҳамда гидротехник иншоотлар орқали узатилаётган сув қатъий ҳисобга олиниши, сув ўлчаш воситалари орқали назорат қилиниши ва белгиланган сув лимитлари асосида тақсимланиши шарт.
Бугунги кунда сувдан самарали фойдаланиш нафақат иқтисодий самарадорлик, балки озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик барқарорлик ва келажак авлодлар манфаатларини таъминлашнинг энг муҳим кафолатидир.
Ҳар бир сувдан фойдаланувчи қуйидагиларни ўзининг устувор вазифаси деб билиши лозим:
- ажратилган сув лимитларига қатъий риоя қилиши;
- суғоришни агротехник талаблар ва илмий асосланган суғориш режимлари бўйича ташкил этиши;
- сувни ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш тизимларини самарали юритиши;
- канал ва ариқлардаги фильтрация ҳамда технологик йўқотишларни қисқартириши;
- гидротехник иншоотлардан техник эксплуатация қоидаларига мувофиқ фойдаланиши;
- сув тежовчи технологиялар, жумладан томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб суғориш ва бошқа ресурс тежамкор усулларни кенг жорий этиши;
- сувдан ноқонуний фойдаланиш ва исрофгарчиликнинг ҳар қандай кўринишига муросасиз муносабатда бўлиши.
Ҳурматли юртдошлар!
Сувни тежаш – бу фақат иқтисодий эҳтиёж эмас, балки юксак фуқаролик масъулияти, Ватанимиз келажагига дахлдорлик ва миллий бойлигимизни асраш демакдир.
Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали:
- миллионлаб куб метр сув иқтисод қилинади;
- кўпроқ майдонларни барқарор сув билан таъминлаш имконияти яратилади;
- қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги ва сув унумдорлиги ошади;
- насос станцияларида электр энергияси сарфи камаяди;
- давлат харажатлари қисқаради;
- ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади;
- экологик барқарорлик таъминланади;
- мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқтисодий тараққиёти мустаҳкамланади.
Инспекция сувдан оқилона фойдаланиш, сув исрофининг олдини олиш ва амалдаги қонунчилик талаблари ижросини таъминлаш юзасидан назорат тадбирларини изчил давом эттиради.
Барча сувдан фойдаланувчиларни сувдан фойдаланиш тартибига қатъий амал қилишга, сувни ҳисоб-китоб асосида сарфлашга, сув тежовчи технологияларни кенг қўллашга ҳамда “Сувни зовурга ташлаб қўйишнинг ҳар бир ҳолати – фавқулодда ҳолат” деган тамойилни кундалик фаолиятимизда ҳаётий қоидага айлантиришга чақираман.
Сувни асраш – келажакни асрашдир.
Р.Б. Рахимов
“Сувхўжаликназорат”
инспекцияси бошлиғи
