СУВХЎЖАЛИКНАЗОРАТ ИНСПЕКЦИЯСИ БОШЛИҒИ ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИДА ЁШЛАР БИЛАН РАҚАМЛИ САВОДХОНЛИК ВА КИБЕРХАВФСИЗЛИК МАВЗУСИДА УЧРАШУВ ЎТКАЗДИ.
2026-06-04 10:00:00 / Ёшлар сиёсати

Тадбирнинг асосий мақсади ёшларнинг рақамли технологиялар соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, уларда ахборот хавфсизлиги маданиятини шакллантириш ҳамда замонавий киберхавфлардан ҳимояланиш бўйича зарур тавсиялар беришдан иборат бўлди.
Учрашув давомида инспекция бошлиғи мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, давлат бошқаруви тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш ва давлат хизматларини рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, бугунги глобаллашув ва ахборот технологиялари жадал ривожланаётган даврда рақамли саводхонлик ҳар бир мутахассис учун муҳим кўникмага айлангани таъкидланди. Хусусан, хизмат фаолиятида электрон ҳужжат айланиши тизимларидан самарали фойдаланиш, маълумотларни тўғри сақлаш ва улардан хавфсиз фойдаланиш масалалари юзасидан тавсиялар берилди.
Мулоқот чоғида киберхавфсизликнинг долзарб жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, интернет тармоғида учраётган фирибгарлик ҳолатлари, фишинг ҳаволалари, зарарли дастурлар, ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилаётган киберҳужумлар ва шахсий маълумотларнинг ноқонуний тарқалишининг олдини олиш бўйича тушунтиришлар берилди. Ёшлар шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, мураккаб пароллардан фойдаланиш, икки босқичли ҳимоя тизимларини қўллаш ҳамда номаълум манбалардан келган хабар ва ҳаволаларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга чақирилди.
Тадбир давомида сув хўжалиги тизимида рақамлаштириш жараёнларининг аҳамияти, замонавий ахборот тизимлари ва электрон платформалардан самарали фойдаланиш орқали иш унумдорлигини ошириш, шунингдек, маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ёшлар томонидан киберхавфсизлик, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда рақамли кўникмаларни ривожлантириш юзасидан берилган саволларга батафсил жавоблар берилди. Уларнинг фикр ва таклифлари тингланиб, келгусида бу каби учрашувларни мунтазам равишда ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашув якунида ёшлар ўртасида рақамли маданиятни янада юксалтириш, ахборот технологияларидан оқилона фойдаланиш ва киберхавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш бугунги куннинг муҳим талабларидан бири эканлиги таъкидланди.
Мазкур тадбир ёшларнинг замонавий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, уларни ахборот маконидаги турли таҳдидлардан огоҳ этиш ҳамда давлатимизда амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга ундашга хизмат қилди.




