САЙЁР ҚАБУЛ — МУАММОЛАРГА ЕЧИМ, ТАРАҚҚИЁТГА ҚАДАМ.
2026-04-24 11:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

“Сувхўжаликназорат” инспекцияси бошлиғи Рустам Рахимов раҳбарлигида ўтган ушбу тадбир жойлардаги долзарб масалаларни ўрганиш ва уларга амалий ечим топишга қаратилди.
Сайёр қабулда Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Отабек Садинов тизим ташкилотлари раҳбарлари ҳамда соҳада фаолият юритаётган мутахассислар, тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари вакиллари фаол иштирок этдилар. Бу эса очиқ мулоқот, ўзаро фикр алмашиш ва муаммоларни биргаликда ҳал этиш учун кенг имконият яратди.
Тадбир давомида сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарор ва фармонларнинг аҳамияти ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Айниқса, сувни тежаш ва ундан самарали фойдаланиш бугунги куннинг энг устувор вазифаларидан бири сифатида алоҳида таъкидланди.
Фермерлар ва тадбиркорлар томонидан билдирилган мурожаатлар асосан суғориш тизимидаги муаммолар, электр энергияси харажатлари, сув лимитларини тақсимлаш, томчилатиб суғоришда учраётган техник носозликлар ҳамда ер ости сизот сувлари билан боғлиқ масалаларни қамраб олди. Ҳар бир мурожаат эътибор билан тингланиб, жойида ўрганилди ва уларни ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Натижада, бир қатор мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилди, қолганлари эса назоратга олиниб, улар бўйича тизимли ишлар амалга оширилиши белгилаб олинди.
Бундай сайёр қабуллар аҳоли дардига қулоқ тутиш, муаммоларни жойида ҳал этиш ҳамда сув хўжалиги соҳасини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, бу каби тадбирлар одамларда ишонч уйғотиб, ҳамкорлик ва тараққиёт сари янги қадамларни белгилаб беради.
Сайёр қабулнинг асосий мақсади – фуқаролар ва фермер хўжаликлари дуч келаётган муаммоларни жойида ҳал этиш, тизимдаги очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, сув хўжалигида мавжуд долзарб масалаларга амалий ечим топишдан иборат бўлди.








