“СУВХЎЖАЛИКНАЗОРАТ” ИНСПЕКЦИЯСИ БОШЛИҒИ ХОНҚА ТУМАНИДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ
2026-03-31 11:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда “Сувхўжаликназорат” инспекциясининг Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи Т.Хўжаниязов, Хоразм вилояти сув хўжалиги ташкилот раҳбар ва ишчи ходимлари, тадбиркорлар, шунингдек фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этдилар.
Сайёр қабул давомида ҳудуддаги фермер хўжаликлари раҳбарлари, тадбиркорлар ҳамда сув хўжалиги тизимида фаолият юритаётган ишчи-ходимлар томонидан турли ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Ўз навбатида, Инспекция бошлиғи Рустам Рахимов мамлакатимизда сув хўжалигини ислоҳ қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишларнинг асосий йўналишлари, шунингдек, ҳудуддаги айрим камчиликларга тўхталиб ўтди.
Хусусан, соҳани замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, янги технологияларни жорий этиш ва мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар эътироф этилди.
Шундан сўнг, тадбирда қатнашган мутахассислар билан ҳамкорликда фермерлар ва сув истеъмолчилари томонидан илгари сурилган мурожаат ва таклифлар ўрганилди, уларнинг ечими бўйича амалий чоралар белгилаб олинди.
Жумладан, ҳар бир мурожаатни жойида атрофлича ўрганилиб, зарур тушунтиришлар берилди. Натижада 8 нафар шахсларнинг мурожаатига тушунтириш бериб жойида ҳал қилинди ҳамда 24 нафар мурожаатчининг мурожаати эса назоратга олинди.
Сайёр қабул давомида, асосан, экин майдонларини суғоришдаги муаммолар, ички ариқларни бетонлаштириш, фермер хўжаликларининг ички насосларида электр энергия харажатлари, ажратилган лимитлардан самарали фойдаланиш, томчилатиб суғориш тизимида учраётган техник носозликлар, шунингдек ер ости сизот сувларини пасайтириш бўйича амалий чоралар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Инспекция бошлиғи томонидан тегишли ташкилот раҳбарларига қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаатларнинг ижросини қатъий назоратга олиш, уларни ўрганиб чиқиш ҳамда натижалари бўйича фермер хўжаликлари раҳбарларига ёзма жавоб хатларини тақдим этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Сайёр қабулнинг асосий мақсади – фуқаролар ва фермер хўжаликлари дуч келаётган муаммоларни жойида ҳал этиш, тизимдаги очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, сув хўжалигида мавжуд долзарб масалаларга амалий ечим топишдан иборат бўлди.
Бундай сайёр қабуллар фермер хўжаликлари ва давлат ўртасидаги бевосита мулоқотни кучайтириш, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва соҳада мавжуд муаммоларнинг тезкор ҳал этилишига хизмат қилади.





