“Сувхўжаликназорат” инспекцияси бошлиғи ёшлар билан мулоқот қилди.
2026-03-12 15:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Юсупов ҳамда туманлардаги студиялардан ҳудудлардаги сув хўжалиги раҳбарлари ҳамда ёшлар иштирок этишди. Учрашув давомида мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш ҳамда сув хўжалиги тизимида ёш кадрларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда, айниқса, кредит маблағлари асосида сув хўжалиги объектлари атрофида қўшимча ёрдамчи хўжаликлар ташкил этган ёшлар билан алоҳида мулоқот қилинди. Уларнинг ташаббуслари, амалга ошираётган ишлари ва келгуси режалари билан танишилди.
Шунингдек, сув хўжалиги соҳасида олий таълим муассасаларини тамомлаб, бугунги кунда тизим ташкилотларида меҳнат фаолиятини бошлаган бир қатор ёш мутахассислар билан ҳам суҳбат ўтказилди. Уларнинг касбий фаолияти, иш жараёнида дуч келаётган масалалар ва таклифлари тингланди.
Инспекция бошлиғи Р.Рахимов ёшларнинг ташаббускорлиги ва меҳнатсеварлиги соҳанинг ривожи учун муҳим омил эканини таъкидлаб, уларни қўллаб-қувватлаш, билим ва малакасини оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилишини қайд этди.
Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашув давомида ёшлар ҳам соҳани янада ривожлантириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва замонавий ёндашувларни жорий этиш борасида ўз фикр ва таклифларини билдирдилар. Тадбир ёшларни рағбатлантириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва соҳада фаол иштирокини кенгайтиришга хизмат қилди.



