“СУВХЎЖАЛИКНАЗОРАТ” ИНСПЕКЦИЯСИ БОШЛИҒИ ҚЎНҒИРОТ ТУМАНИДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ
2026-02-28 14:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда Қўнғирот тумани ҳокими Бегзод Мадаминов, Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги ташкилот раҳбар ва ишчи ходимлари, тадбиркорлар, шунингдек фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этдилар.
Дастлаб сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, Президент қарор ва фармонларининг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар берилди. Уларда белгиланган вазифаларни жойларда тўлиқ ва сифатли ижро этиш, сувдан оқилона фойдаланиш ва ресурсларни тежаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Сайёр қабул давомида ҳудуддаги фермер хўжаликлари раҳбарлари, тадбиркорлар ҳамда сув хўжалиги тизимида фаолият юритаётган ишчи-ходимлар томонидан турли ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Инспекция бошлиғи Рустам Рахимов ҳар бир мурожаатни жойида атрофлича ўрганиб, зарур тушунтиришлар берди. Натижада 11 нафар фермернинг мурожаати ижобий ҳал этилди, 7 нафар мурожаатчининг мурожаати эса назоратга олинди.
Сайёр қабул давомида, асосан, экин майдонларини суғоришдаги муаммолар, фермер хўжаликларининг ички насосларида электр энергия харажатлари, ажратилган лимитлардан самарали фойдаланиш, томчилатиб суғориш тизимида учраётган техник носозликлар, шунингдек ер ости сизот сувларини пасайтириш бўйича амалий чоралар муҳокама қилинди.
Мазкур мурожаатларни ҳал этиш бўйича мутасадди раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди, 5 та мурожаат юзасидан эса қўшимча ўрганишлар ўтказиш белгиланди.
Шунингдек, инспекция бошлиғи томонидан тегишли ташкилот раҳбарларига қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаатларнинг ижросини қатъий назоратга олиш, уларни ўрганиб чиқиш ҳамда натижалари бўйича фермер хўжаликлари раҳбарларига ёзма жавоб хатларини тақдим этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Мурожаатлар юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилиб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича қатъий назорат ўрнатилиши таъкидланди. Айрим масалаларни жойида ҳал этиш бўйича тезкор қарорлар қабул қилинди, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар эса белгиланган тартибда ижрога йўналтирилди.
Сайёр қабулнинг асосий мақсади – фуқаролар ва фермер хўжаликлари дуч келаётган муаммоларни жойида ҳал этиш, тизимдаги очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, сув хўжалигида мавжуд долзарб масалаларга амалий ечим топишдан иборат бўлди.
Бундай сайёр қабуллар фермер хўжаликлари ва давлат ўртасидаги бевосита мулоқотни кучайтириш, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва соҳада мавжуд муаммоларнинг тезкор ҳал этилишига хизмат қилади.





