КАСБ БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!
2025-12-13 18:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан сиз ва оила аъзоларингизни чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, юксак ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Маълумки, охирги 30 йилда минтақамизда ҳаво ҳарорати бир ярим градусга кўтарилди. Оқибатда музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди. Ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин йигирма йилда минтақамиздаги иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин.
Сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз билан сувга доир муаммолар ҳал этилиб, сув танқислигини юмшатиш борасида ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Инспекциянинг 33 та функцияси коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашдан ўтказилди. Шундан, 26 та “ўрта” ва 7 та “паст” даражадаги хавф-хатарлар аниқланди ҳамда уларнинг олдини олиш
ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, унинг ижроси таъминланмоқда.
Бундан ташқари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан Инспекцияга юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш бўйича амалга оширилган ишларга назар соладиган бўлсак, ўтган йилларда давлат бюджетидан субсидия олиб жорий қилинган сувни тежайдиган суғориш технологиясидан ёки унинг асосий қисмидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан назорат тадбирлари ўтказилиб, 14 078 гектар майдонда технологияларнинг ишлатилиши таъминланди.
77 та сув объектига етказилган зарар бартараф этилди, 884 та сув олиш жойлари сувни бошқариш ва ўлчаш воситалари билан жиҳозлантирилди, 397 та сув олиш жойларида сувнинг ҳисоби юритилиши ташкил этилди, 347 та ноқонуний сув олиш жойлари ҳамда 68 та “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун талабларининг бузилиши бартараф этилиб, 672,0 млн. куб метр сув исрофгарчилигининг олди олинди.
Бундан ташқари, сувдан фойдаланиш бўйича шартномавий муносабатларни тартибга солиш, сувни бошқариш ва ўлчаш воситаларини таъмирлаш, сувдан махсус фойдаланиш бўйича рухсатнома расмийлаштириш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилди.
Олдимизда сув ресурсларини исрофгарчилигини олдини олиш, гидротехника иншоотларининг ишончли ишлаши устидан тизимли назорат ўрнатиш, келгуси йил суғориш мавсумига пухта тайёргарлик кўришдек масъулиятли вазифалар турибди.
Ишонаманки, савобли касб эгалари бўлган ходимларимиз бирдамлик, ғайрат-шижоат билан олдимизга қўйилган марраларга эришадилар ва билдирилган юксак ишончни оқлайдилар.
Бугунги кунда иқлим ўзгариши, қурғоқчилик ва сув танқислиги каби глобал муаммолар ортиб бораётган бир пайтда, сизнинг касбий масъулиятингиз янада ошиб бормоқда. Ҳар бир ҳисобот, ҳар бир текширув, ҳар бир огоҳлантириш – буларнинг барчаси қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланиши ва республикамизнинг озиқ-овқат хавфсизлиги учун муҳим ҳисса қўшмоқда.
Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни нафақат касбий байрам, балки сизнинг фидойи меҳнатингизга эътироф ва миннатдорчилик билдириш кунидир. Сизнинг ҳар бир меҳнат кунингиз, ҳар бир кичик ютуғингиз республикамиз қишлоқ хўжалигининг ривожланиш саҳифасига ёзилмоқда.
Сизларни бугунги байрам билан яна бир бор қутлаб, жонажон юртимизнинг фаровонлиги йўлидаги эзгу ва савобли фаолиятингизда улкан ютуқлар тилайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, масъулиятли
ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик ҳамиша ёр бўлишини тилайман.
Сувимиз доим мўл ва баракали бўлсин!
Ҳурмат билан,
Рустам Рахимов
“Сувхўжаликназорат” инспекцияси бошлиғи
2025 йил 13 декабрь
