БАЙРОҒИМИЗ ФАХРИМИЗ, ҒУРУРИМИЗ
2025-11-18 / Воқеалар тақвими

Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи – мамлакатнинг мустақиллиги, миллий ўзига хослиги, ўтмиши ва келажагини ифода этувчи муҳим рамздир. У 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ХII сессиясида қабул қилинган. Байроқ давлат суверенитетининг тимсоли сифатида халқаро майдонларда, расмий биноларда, дипломатик ваколатхоналарда ва давлат анжуманларида фахр билан ҳилпираб туради.
Байроқнинг ташқи кўриниши ва ранглари Ўзбекистон байроғи учта горизонтал рангли қилиб тасвирланган бўлиб, уларга оқ чизиқлар билан ажратилган. Унинг юқори қисмида ой ва юлдузлар тасвирланади. Ҳар бир ранг ва белги чуқур рамзий маъно касб этади:
Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу — яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди.
Байроқдаги оқ ранг — муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади.
Оқ ранг — поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли.
Яшил ранг — табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.
Қизил чизиқлар — вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади.
Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам.
Юлдузлар барча учун руҳоний, илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Бизнинг ўн икки юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.
Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушуниш лозим.Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи – халқнинг тарихий қадриятлари, маданияти ва мустақиллик руҳини мужассам этган улуғ тимсолдир. Унинг ҳар бир ранги, ҳар бир чизиғи ва белги чуқур маънога эга бўлиб, бугунги кунда бутун дунёда Ўзбекистонни танитувчи, миллий ғурур ва ифтихор манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Байроқ қабул қилиш маросими – бу бизнинг Ватанимизга, унинг мустақиллигига ва эркинлигига бўлган ҳурматимизнинг тирик намунасидир. Бу оддий тартиб эмас, балки ҳар биримизнинг юракларида яширинган ҳис-туйғуларнинг ифодасидир. Байроқ остида турган ҳар бир ёш, ўз келажаги ва мамлакатининг келажаги ўртасидаги боғлиқликни чуқур ҳис қилади. Шу сабабли, байроқ қабул қилиш маросимларига жиддий ёндашиш ва уларни юқори даражада ташкил этиш – ҳар биримизнинг бурчидир.
Байроғимиз — бу бизнинг бирлигимиз, бирдамлигимиз ва тинчликдаги ҳаётимиз рамзидир. У бизни илҳомлантиради, кучимизни оширади ва буюк истиқболга чорлайди.
Байроқ – бу халқнинг қалбидан узилмас боғлиқлиги. Уни ҳурмат қилайлик, унинг қадрини билайлик!
“Сувхўжаликназорат”
инспексияси ахборот хизмати
