ФИРИБГАР ЖАЗОСИНИ ОЛДИ
2025-05-21 11:05:00 / Янгиликлар

Судланувчи ХА (исм шарифи ўзгартирилган) илгари бир неча марта судланганлигидан тегишли хулоса чиқармасдан 2022 йил баҳор ойларида товламачилик йўли билан бойлик орттириш мақсадида Сариосиё туманида жойлашган “Фарҳод” мурувват ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи директори БДга ўзини ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси ходими деб таништириб, унга ДХХ Узун тумани бўлими унинг қўлида эканлигини, агарда у айтган шахсларни мурувват уйига ишга қабул қилмаса, мурувват уйига тафтиш тайинлатиб, жиноий жавобгарликка торттириш масаласини кўриб чиқишини айтиб, шу йўл билан уни қўрқитиб ўзгадан мулкий ёки муайян ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишини талаб қилиб келган.
Бундан ташқари, ХА жиноий ҳаракатларини давом эттириб, фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида,
2022 йил баҳор ойларида Сариосиё тумани “Шохжахон” маҳалласида яшовчи фуқаро ГСнинг ишончига кириб, унинг қизи ОУни Сариосиё туманида жойлашган “Фарҳод” мурувват уйига санитар лавозимига жойлаштириб қўйишга ваъда бериб, ундан 2.000.000 сўм миқдоридаги пулларни олиб, ушбу пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Шунингдек, ХА жиноий ҳаракатларини давом эттириб, фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, такроран 2023 йил ноябр ойида Сариосиё туман “Хулкар” маҳалласида яшовчи ХЛнинг ишончига кириб, уни Сариосиё туманида жойлашган “Фарҳод” мурувват уйига кадрлар бўлимига ишга жойлаштириб қўйишга ваъда бериб, ундан 4.000.000 сўм миқдорида пулларни олиб, ушбу пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Бундан ташқари, ХА жиноий ҳаракатларини давом эттириб, фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, такроран 2024 йил апрел ойида Сариосиё тумани “Ниҳолзор” маҳалласида яшовчи АДнинг ишончига кириб, уни Сариосиё туманида тиббиёт бирлашмасига навбатчи фелдшер лавозимига ишга жойлаштириб қўйишга ваъда бериб, бунинг эвазига ундан 600 (олти юз) АҚШ доллари миқдорида пулларни талаб қилиб, 2024 йил апрел-июн ойларида оралиғида талаб қилган пулларни тўлиқ олишга эришиб, ушбу пулларни ўз манфаатлари учун ишлатиб юбориб, ОКнинг қистови билан 2024 йил июл ойида 500 (беш юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулларни қайтариб бериб, қолган 100 (бир юз) АҚШ доллари миқдорида ҳозирги кунга қадар қайтариб бермасдан келаётган.
Шунингдек, ХА жиноий ҳаракатларини давом эттириб, фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, такроран 2024 йил ноябр ойида Сариосиё тумани “Боғишамол” маҳалласида яшовчи ФСни ишончига кириб, уни Сариосиё туманида жойлашган “Фарҳод” мурувват уйига уйига ҳудуд санитари лавозимига ишга жойлаштириб қўйишга ваъда бериб, ундан 400 (тўрт юз) АҚШ доллари миқдорида пулларни олиб, ушбу пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Бундан ташқари, ХА жиноий ҳаракатларини давом эттириб, фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, такроран 2024 йил 22 ноябр куни Сариосиё тумани “Келажак сари” маҳалласида яшовчи З.Р ва ШЕларнинг ишончига кириб, уларни Сариосиё туманида жойлашган “Фарҳод” мурувват уйига ишга жойлаштириб қўйишга ваъда бериб, улардан жами 900 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилиб, талаб қилинган пуллардан 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни Сариосиё тумани ҳудудида таниши АТ орқали олган вақти ушланиб, ундан ушбу пуллар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган.
Судланувчи ХА судда айбига иқрорлик билдириб, ҳақиқатдан ҳам, мазкур жиноятларни содир этганлиги тафсилотларини баён этиб, ноқонуний ишлар қилганини тушуниб етганлигини, қилмишидан пушаймонлигини, бошқа бундай ишлар билан шуғулланмаслигини, соғлиги яхши эмаслигини, вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олиб ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраб кўрсатув берди.
Судланувчи ХА Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 165-моддаси 1-қисми ва 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли деб топилиб унга нисбатан ЖК 59, 61-моддаларига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 (уч) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, жиноят учун жазо муқаррар аммо фирибгар тузоғига илиниб қолмаслигимиз фирибгарнинг маълум бир ҳақ эвазига ўз ваколат доирасига кирмайдиган масалаларни ҳал қилиб бериши ҳақидаги ёлғон ваъдаларига ишонмаслик учун озгина тўғри фикрлашимиз лозим бўлади, зеро халқимизда “шудгорда қуйруқ на қилур” деб бежизга айтишмаган.
ЖИБ Узун туман судининг раиси
О.Жуманов
