Қонунининг мазмун-моҳияти
2026-10-22 18:05:00 / Янгиликлар
Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонунининг мазмун-моҳияти
Сўнги йилларда мамлакатимизда болаларни, айниқса, зўравонликдан жабрланган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан бу борада Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил
14 октябрдаги “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1180-сонли Қонуни билан бир қатор қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига болаларга нисбатан зўравонлик, шу жумладан жинсий зўравонлик, шунингдек боланинг ўлимига сабаб бўлган жиноий қилмишлар учун жавобгарликни кучайтиришни ҳамда вояга етмаганларга нисбатан янги мажбурлов чораларини белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига вояга етмаганлар учун қўшимча процессуал кафолатларни белгилашга, шу жумладан вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ ишлар бўйича васийлик ва ҳомийлик органлари вакилларининг иштирокини таъминлашга, қонуний вакилларнинг иштирок этишига ва уларни алмаштиришга ҳамда вояга етмаганлар иштирокида айрим процессуал ҳаракатларни ўтказишнинг ўзига хос хусусиятларини белгилашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, болаларни тарбиялаш мажбуриятларини бажармаганлик ва уларни тарбиялаш ҳамда уларга таълим бериш жараёнида зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни кучайтириш, аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ахборотни тақдим этмаганлик, Болалар масалалари бўйича комиссияларнинг қарорларини ижро этмаганлик, шунингдек болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг
161-моддаси икинчи қисми 51-банд билан тўлдирилиб, болани тарбиялаш ва унга таълим бериш борасидаги мажбуриятлар ўз зиммасига юклатилган таълим ташкилоти ходимининг болага нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилиши иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкинлиги белгиланди.
Ушбу норманинг меҳнат кодексига киритилиши болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахсларнинг мазкур таълим ва тарбия муассасаларида кейинги меҳнат фаолиятини давом эттира олмаслигини белгиламоқда.
Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиш, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга, таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ташкилотларнинг ва бошқа соҳалардаги ташкилотларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилиб, болаларга нисбатан ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олишни кафолатлайди.
Фуқаролик ишлари бўйича
Сариосиё туманлараро суди судьяси Б.Х.Джураев
