Узун тумани прокурори Ботир Боймуровнинг туман аҳолисига мурожаати
2026-05-05 18:45:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Узун тумани прокурори Ботир Боймуровнинг туман аҳолисига мурожаати
Ассалому алайкум, ҳурматли Узун тумани фуқаролари!
Сўнгги йилларда аҳоли, айниқса ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, бир сўз билан айтганда, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, илм-фан ва спорт соҳаларида юксак натижаларга эришаётган, нафақат юртимизда, балки бутун дунёда танилаётган ўқувчи-ёшларимиз ҳамда ибратли қизларимиз борлиги, албатта, қувонарлидир.
Давлатимиз раҳбари томонидан жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан етук, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ ва қатъий ҳаётий позицияга эга ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида яратилган шарт-шароитлардан кўплаб ёшлар унумли фойдаланиб, аввало ўз оиласи ва юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Шунга қарамай, айрим ёшлар нотўғри йўлга кириб, жиноят содир этаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда.
Ҳурматли туманимиз аҳолиси!
Шу сабабли, берилаётган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жиноятчилик профилактикасини кучайтириш орқали янада ижобий натижаларга эришишимиз зарур.
Хабарингиз бор, масъул идоралар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда жиноятларнинг олдини олиш ҳамда туманда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш мақсадида кучайтирилган иш тартиби жорий этилган.
Бу эса жиноятчилик профилактикасини кучайтириш, ҳар бир жиноят учун жазо муқаррарлигини таъминлаш ҳамда жиноят содир этган шахсларни қисқа муддатларда аниқлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда бундан буён ҳам:
* жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар билан манзилли профилактик тадбирлар кучайтирилади;
* содир этилган жиноятлар ҳар куни тезкор таҳлил қилинади;
* кунлик сўров ва назорат тизими изчил давом эттирилади.
Азиз Узун тумани фуқаролари!
Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика самарадорлигини оширишда маҳалла аҳли, таълим-тарбия тизими вакиллари, умуман, ҳар бир фуқаронинг амалий ёрдами ва ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис, маҳаллаларимизни жиноятдан ҳоли, тинч ва хавфсиз ҳудудга айлантириш йўлида ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшиб, биргаликда ҳаракат қилсак, кўзланган мақсадга албатта эришамиз.
Келинглар, барчамиз шу йўлда муҳтарам Президентимизга елкадош бўлиб, қонун устуворлиги ва адолат ҳукмрон бўлган жамиятни биргаликда барпо этайлик!
