Мурожаат
2026-04-27 22:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

МУРОЖААТ
Узун тумани ҳокими Хабибулла Бозоровнинг туман аҳолисига мурожаати
Ассалому алайкум, қадрли тумандошлар!
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида барча соҳаларда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда, халқимизнинг турмуш даражаси изчил яхшиланиб бормоқда. Айниқса, жамиятда адолатни таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва коррупсияга қарши муросасиз курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда коррупсияга қарши курашиш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, махсус ваколатли органлар фаолияти йўлга қўйилиб, давлат хизматлари рақамлаштирилмоқда, “очиқ буджет” тизими жорий этилиб, давлат харидлари ва молиявий жараёнларнинг шаффофлиги таъминланмоқда. Шунингдек, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаганларидек: “Коррупсияга қарши кураш — бу фақат давлат органларининг вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг, ҳар бир фуқаронинг бурчидир.”
Ҳурматли тумандошлар!
Узун тумани ҳокимлиги тизимида ҳам коррупсияга қарши муросасизлик тамойили асосида ишлар олиб борилмоқда. Барча корхона ва ташкилотларда қонунийлик, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади. Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, шахсий манфаатни устун қўйиш каби ҳолатларга мутлақо йўл қўйилмайди ва бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади.
Ҳар бир раҳбар ва ходим ўз фаолиятида ҳалоллик, виждонлилик ва масъулият тамойилларига амал қилиши, ташкилот нуфузи ва обрўсига путур етказувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан тийилиши шарт.
Қадрли фуқаролар!
Юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги ва фарзандларимиз келажаги бевосита ҳар биримизнинг бугунги фаоллигимиз ва фуқаролик позициямизга боғлиқ. Агар биз бир ёқадан бош чиқариб, коррупсияга нисбатан муросасиз бўлсак, албатта ижобий натижаларга эришамиз.
Сизларни ҳар қандай қонунбузарлик ҳолатларига бефарқ бўлмасликка, коррупсияга қарши курашишда фаол иштирок этишга чақираман.
Агар давлат органлари, ташкилотлар ёки мансабдор шахслар фаолиятида коррупсияга оид ҳолатларга дуч келсангиз ёки бу борада маълумотга эга бўлсангиз, белгиланган тартибда мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатларингиз махфийлиги қатъий кафолатланади.
📞 Ишонч телефонлари: 76-447-35-45, 55-451-10-64
📧 Электрон почта: https://gov.uz/uzun
Ишончим комилки, барчамизнинг ҳамжиҳат саъй-ҳаракатларимиз билан Узун туманини коррупсиядан ҳоли, адолат устувор бўлган, ривожланган ҳудудга айлантирамиз.
