2026–2030 йилларга мўлжалланган болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси — бола ҳуқуқларини таъминлашда янги босқич
2025-12-26 18:25:00 / Янгиликлар
Болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳар қандай демократик давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Боланинг хавфсиз, соғлом ва зўравонликдан холи муҳитда вояга етиши жамиятнинг барқарор тараққиёти учун муҳим омилдир. Шу маънода, 2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги стратегиянинг қабул қилиниши ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Стратегия қабул қилиниши зарурати
Бугунги кунда болаларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий зўравонлик, бееътиборлик, эксплуатация ҳамда ахборот маконидаги таҳдидлар долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Айниқса, зўравонликка учраган болаларнинг суриштирув, тергов ва суд жараёнларида қайтадан руҳий жароҳат олиши хавфи мавжуд. Шу сабабли мазкур стратегия болаларни ҳимоя қилиш тизимини комплекс равишда такомиллаштириш, профилактика ишларини кучайтириш ҳамда бола манфаатларини устувор тамойил сифатида белгилашга қаратилган.
Стратегиянинг асосий мақсад ва вазифалари
2026–2030 йилларга мўлжалланган стратегиянинг асосий мақсади — болаларнинг зўравонликдан холи, хавфсиз ва муносиб муҳитда яшаш ҳуқуқини тўлиқ таъминлашдан иборат. Ушбу мақсадга эришиш учун қуйидаги устуворвазифалар белгиланган:
Болаларни ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш
Стратегия доирасида болаларга ёрдам кўрсатишнинг самарали ва замонавий механизмларини жорий этиш назарда тутилган. Жумладан, ишонч телефонлари ва онлайн мурожаат платформалари фаолияти кенгайтирилиб, зўравонлик ҳолатлари ҳақида тезкор хабар бериш имкониятлари яратилади. Шунингдек, болалар билан ишловчи таълим, тиббиёт ва ижтимоий хизматлар ўртасида ўзаро ахборот алмашинуви тизими йўлга қўйилади.
Суриштирув, тергов ва суд жараёнларида болалар иштирокидаги ишларда янги ёндашувлар
Стратегияда болалар иштирокидаги суриштирув, тергов ва суд жараёнларини инсонпарварлик тамойиллари асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган. Бунда боланинг ёши, руҳий ҳолати ва шахсий хусусиятлари инобатга олиниб, унинг манфаатлари устувор ҳисобланади.
Янги ёндашувларга мувофиқ, бола иштирокидаги ишлар бўйича суриштирув ва тергов ҳаракатлари ихтисослаштирилган мутахассислар томонидан амалга оширилади. Тергов жараёнларида психолог ёки педагог иштирокини таъминлаш орқали боланинг руҳий ҳимояси кучайтирилади ва иккинчи марта жабрланишининг олди олинади.
Суд жараёнларида эса болалар учун қулай ва хавфсиз шароит яратиш назарда тутилган. Суд мажлисларини ёпиқ тартибда ўтказиш, болани айбланувчи билан бевосита тўқнаш келтирмаслик, видеоконференсия орқали кўрсатма олиш амалиётини қўллаш каби чоралар боланинг руҳий барқарорлигини сақлашга хизмат қилади.
Кадрлар салоҳияти ва профилактика ишлари
Стратегия доирасида судялар, терговчилар, суриштирувчилар ва адвокатларнинг болалар билан ишлаш бўйича касбий малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Болалар психологияси ва зўравонлик ҳолатлари билан ишлашга доир махсус ўқув курслари ташкил этилиши белгиланган.
Шу билан бирга, таълим муассасаларида болаларга ўз ҳуқуқларини билиш, ўзини ҳимоя қилиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган маърифий ишлар кучайтирилади. Оммавий ахборот воситалари орқали эса болалар ҳуқуқларига ҳурмат ва масъулиятни оширишга қаратилган тарғибот ишлари амалга оширилади.
2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, улар учун хавфсиз ва соғлом муҳит яратишга қаратилган муҳим дастурий ҳужжатдир. Ушбу стратегиянинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари камайиши, суриштирув, тергов ва суд жараёнларида бола манфаатлари тўлиқ таъминланиши ҳамда жамиятда инсонпарварлик тамойиллари мустаҳкамланишига эришилади.
Аликулов Аъзамберди Холматович,
Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди тергов судяси
