Inspeksiya haqida
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 июндаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида транспорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-94-сонли Фармонига асосан, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ҳамда Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси негизида Транспорт вазирлиги ҳузурида Транспорт назорати инспекцияси ташкил этилди ҳамда унга Транспорт вазирлигининг 269 та штат бирлиги ўтказилди.
Транспорт назорати инспекцияси автомобиль, темир йўл, сув, электр транспорти, метрополитен ва йўл хўжалиги соҳаларида назорат функцияларини амалга оширувчи республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
Транспорт назорати инспекциясининг ваколатлари ва вазифалари юқоридаги қайд этилган Фармон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 668-сон қарори билан белгилаб берилган. Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
автомобиль, темир йўл, сув, электр транспорти ва метрополитенда ташиш хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ўз ваколати доирасида давлат назоратини амалга ошириш;
автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлашда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган автомобилда халқаро ташиш шартларига риоя этилишини назорат қилиш;
республика ҳудудида (Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари бундан мустасно) автотранспорт воситаларининг рухсат этилган вазн ва габарит параметрларига риоя этилишини назорат қилиш;
юк ва йўловчиларни ташишда ҳайдовчиларнинг ҳамда локомотив бригадалари ишчиларининг меҳнат ва дам олиш режимини назорат қилиш;
ҳаракатдаги темир йўл таркиби ҳамда инфратузилмаси объектларини рўйхатдан ўтказиш орқали уларни ҳисобга олиш ва ягона реестрини юритиш.
Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
1) автомобиль, темир йўл, сув, электр транспорти ва метрополитенда ташиш хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ўз ваколати доирасида давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:
а) автомобилда ташишлар ва ҳаракат хавфсизлиги таъминланиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш бўйича:
йўловчилар, багаж ва юк ташиш қоидаларига риоя этиш, йўловчилар ва юк ташиш хавфсизлиги, йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданиятининг зарур даражасини таъминлаш, йўловчи ташиш йўналишларида транспорт воситаларининг бир маромда ҳаракатланиши, белгиланган ҳаракат жадвали ва оралиқ интервалларига риоя этилишини;
йўловчилар ҳаёти, соғлиги ва (ёки) мулкига зарар етказганлик учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталашга оид мажбуриятларнинг бажарилишини;
ташувчининг лицензия талаблари ва шартларига, рухсатнома ҳужжатлари шартларига риоя қилишини;
йўналишсиз таксиларда йўловчиларни ташиш қоидаларига ҳамда транспорт воситаларини жиҳозлашга қўйиладиган талабларга риоя этилишини;
автовокзал (автостанция)нинг фаолият кўрсатишига қўйилган талабларга риоя этилишини назорат қилади;
б) сув транспортида ташишлар ва ҳаракат хавфсизлиги таъминланиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш бўйича:
сув транспортида ташиш хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ўз ваколати доирасида давлат назоратини амалга оширади;
сув транспортида юк ва йўловчилар ташишни ташкил этиш ва такомиллаштириш, шунингдек, сузиш хавфсизлигини ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар киритади;
сув транспортини ривожлантиришнинг комплекс дастурларини, шунингдек, сузиш хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади, сув транспорти фаолиятини мувофиқлаштиради;
кемаларни рўйхатга/қайта рўйхатга олади ва техник кўриклардан ўтказади;
кемаларни қуриш, янгидан жиҳозлаш ва таъмирлаш даврида техник назоратни амалга оширади;
кемаларнинг техник-лойиҳа ҳужжатларининг Регистр қоидалари ва маҳаллий сузиш шартларига мувофиқлигини текширади, келишади ва эксперт хулосасини беради;
сув ҳавзаларида кечувларни ташкил этишда техник талабларни белгилайди ва уларнинг фаолиятини назорат қилади;
сув транспортида содир этилган авария ҳодисалари сабабларини аниқлаш ишларида иштирок этади, таҳлил этади ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни белгилайди;
сув транспортида, шу жумладан, сузиш хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича кадрларни ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сувда халқаро ташиш шартларига риоя этилишини назорат қилади;
сув транспортида кема ҳужжатлари мавжудлигини назорат қилади;
кема экипажи аъзоларининг билимларини текширади;
кема ҳайдовчиларини аттестациядан ўтказади ва кема ҳайдовчиси гувоҳномаларини беради;
в) темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда ташишлар ва ҳаракат хавфсизлиги таъминланиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш бўйича:
ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва инфратузилмаси объектларига эга бўлган ёки улардан фойдаланувчи хўжалик бошқаруви ҳамда ижро этувчи ҳокимият органлари, тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида темир йўл транспорти соҳасида фаолиятини амалга оширувчи жисмоний ва юридик шахслар, уларнинг бўлинмалари (кейинги ўринларда — темир йўл транспорти субъектлари) томонидан умумий фойдаланишдаги темир йўлларда, метрополитенда ва темир йўл шохобча йўлларида темир йўл транспорти соҳасидаги юк ва йўловчилар ташиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширади;
темир йўл транспорти субъектларининг юк ва йўловчи ташишда ҳаракатдаги темир йўл таркиби, техник воситалари, жиҳозлари ва инфратузилмаси объектларини ишчи ҳолатда сақлаш, эксплуатация қилиш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилади;
темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан ўз ваколати доирасида давлат назоратини амалга оширади;
темир йўл транспорти ва метрополитен инфратузилмаси объектларини қурадиган ҳамда ишлаб чиқарадиган корхоналар ва ташкилотларда темир йўл маҳсулотини ишлаб чиқариш, капитал қайта тиклаш ва режали таъмирлаш турларини амалга оширишда технологик жараёнларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилади;
темир йўл транспорти ва метрополитен объектларини қурадиган ҳамда улардан фойдаланувчи корхоналар ва ташкилотлар фаолиятини уларда поездларнинг хавфсиз
ҳаракатланишини таъминлаш бўйича техник текширишни ташкил этади ва амалга оширади;
темир йўл транспорти ва метрополитен объектлари, маҳсулотлари ҳамда технологияларининг қонунчилик ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги юзасидан уларни доимий ёки вақтинча фойдаланишга қабул қилишда иштирок этади;
темир йўл транспорти субъектлари ва метрополитен томонидан темир йўлларда поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга ва темир йўлда ташишлар хавфсизлигини таъминлайдиган техник воситаларнинг ишончлилигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларнинг белгиланган муддатларда бажарилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширади;
ўзининг темир йўлларига эга бўлган субъектларнинг ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари натижаларини уларнинг фаолиятига аралашмаган ҳолда таҳлил этади ва баҳолайди;
темир йўл транспортида хавфли юклар транзити, қурол-яроғ, ҳарбий техника ва ҳарбий мол-мулкнинг, шунингдек, ҳарбий таркибларнинг транзити бўйича белгиланган тартибда хулосалар беради;
темир йўл транспорти ва метрополитенда поездлар ҳалокати ҳамда авариялар бўйича хизмат текширувларини ташкил этади ва амалга оширади;
темир йўл транспорти субъектлари томонидан темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисалар содир бўлганда, хизмат текширувини ўтказиш бўйича комиссия таркибида иштирок этади ва хизмат текширувлари ҳисобини юритади;
темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисалар тўғри таснифланишини, улар томонидан хизмат текширувларининг белгиланган муддатларда, холисона ўтказилиши ва тўғрилигини назорат қилади;
ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикасининг йўловчи поездларининг бошқа давлатлар ҳудудида юз берган авария ва ҳалокатларининг хизмат текшируви ишларида белгиланган тартибда иштирок этади;
2) автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлашда (кейинги ўринларда — йўл қурилиши) шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш соҳасида:
йўл қурилиши объектларида бажариладиган қурилиш-монтаж ва таъмирлаш ишларининг, шунингдек, уларда қўлланиладиган материаллар ҳамда конструкцияларнинг шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги
норматив ҳужжатлар ҳамда лойиҳа ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат назоратини таъминлайди;
йўл қурилиши объектининг лойиҳа ҳужжатларида қабул қилинган техник ечимлар, шунингдек, йўл қурилиши жараёнида лойиҳа ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришларнинг қонунчилик ҳужжатлари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини назорат қилади;
йўл қурилиши объектларида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда техник, муаллифлик ва ички назорат юритилиши устидан давлат назоратини таъминлайди;
қурилиши тугалланган йўл объектларини фойдаланишга қабул қилиш комиссияларининг ишида иштирок этади, бажарилган қурилиш-монтаж ва таъмирлаш ишларининг тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлиги ҳамда ишларнинг сифатини аниқлаш бўйича диагностика ва лаборатория синовлари ўтказилишини назорат қилади;
автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар ҳамда автомобиль йўлларини балансида сақловчиларнинг қоидабузарликлар тўғрисида киритган маълумотлари асосида йўллар, шаҳар кўчалари ва бошқа аҳоли пунктларида йўл тўшамасини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш ҳамда қайта тиклаш ишларини назорат қилади;
йўл қурилишида шаҳарсозлик қонунчилигига риоя этилишини назорат қилишни ташкил этиш борасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;
3) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган автомобилда халқаро ташиш шартларига риоя этилишини назорат қилиш соҳасида:
автомобилда халқаро юк ва йўловчи ташиш шартларига риоя этилишини;
йўловчилар, багаж ва юкларни мунтазам ҳамда номунтазам ташиш учун рухсат берувчи ҳужжатлар мавжудлигини;
ҳаракат жадвалига риоя қилинишини;
халқаро автомобилда йўловчилар ва багажни номунтазам ташишларда йўловчилар рўйхати мавжудлигини;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларида йўловчилар, багаж ёки юкларни ташиш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча келтирилган хорижий давлатлар автотранспорт воситаларида ташишда (каботаж ташишда) халқаро шартномалар шартларига риоя этилишини;
хорижий давлатларга тегишли бўлган автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган ҳаракатлар чизмасига риоя этишини;
автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташишда ташувчиларнинг автотранспорт воситасининг давлат ҳудуди бўйлаб ўтиши ва тегишли ташиш турини амалга ошириш
ҳуқуқини берувчи рухсатнома бланкаларисиз ташиш билан шуғулланиши, рухсатнома бланкаларини тўлдириш бўйича талабларни бузиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб транзит ўтиши учун мўлжалланган йўналишларда ҳаракатланишини назорат қилади;
4) республика ҳудудида (Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари бундан мустасно) автотранспорт воситаларининг рухсат этилган вазн ва габарит параметрларига риоя этилишини назорат қилиш соҳасида:
стационар ва мобил постларда транспорт воситаларининг вазн ҳамда ҳажм параметрларига (оғирлик, узунлик, баландлик, кенглик ва бошқалар) мувофиқлигини;
катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун махсус рухсатномалар мавжудлигини;
Ўзбекистон Республикаси чегарасини кесиб ўтувчи ва транзит ҳудуд бўйлаб хавфли юк билан ҳаракатланувчи транспорт воситаларида:
хавфли юкни ташишга рухсатномаси мавжудлигини;
йўналиш маршрутининг мавжудлигини;
ташувлар кузатув асосида амалга оширилаётганлигини;
ташилаётган хавфли юкларни товар транспорт ҳужжатларига хослигини ҳамда ҳаракатланиш тартиби бузилмаганлигини назорат қилади;
5) юк ва йўловчиларни ташишда ҳайдовчиларнинг ҳамда локомотив бригадалари ишчиларининг меҳнат ва дам олиш режимини назорат қилиш соҳасида:
ҳайдовчиларнинг шаҳарлараро ва халқаро йўловчи ташиш автобусларини, халқаро юк ташиладиган транспорт воситаларини назорат асбобларисиз (тахографларсиз, носоз тахографдан фойдаланган ёки тахографни ўчирган ҳолда ҳамда ҳайдовчида махсус тахограф картасиз) бошқариши, шунингдек, ишлаш ва дам олиш режимини бузиши (тахограф маълумотларига асосан) ёки бошқа ҳуқуқий асосларга кўра меҳнат ва дам олиш тартибига риоя этганлигини текширади;
рақамли технологияларни қўллаган ҳолда, темир йўл транспортида юк ва йўловчиларни ташишда локомотив бригадалари ишчиларининг меҳнат ҳамда дам олиш режимини назорат қилади;
юк ва йўловчиларни ташишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ҳамда дам олиш режимини текшириш жараёнида қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан қўшимча ҳолатлар аниқланган тақдирда, тегишлилиги бўйича бошқа давлат органларига кўриб чиқиш учун юборади;
6) ҳаракатдаги темир йўл таркиби ҳамда инфратузилмаси объектларини рўйхатдан ўтказиш орқали уларни ҳисобга олиш ва ягона реестрини юритиш соҳасида:
ҳаракатдаги темир йўл таркиби ҳамда инфратузилмаси объектларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан чиқариш орқали уларнинг ҳисобини юритади;
ҳаракатдаги темир йўл таркиби ҳамда инфратузилмаси объектларининг ягона реестрини юритади;
ҳаракатдаги темир йўл таркиби ҳамда инфратузилмаси объектларини ҳисобга олиш учун тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар тўғрилигини жойига чиққан ҳолда ўрганади, техник ҳолатини кўрикдан ўтказади ва унинг натижалари асосида маълумотлар ягона реестрга киритилишини назорат қилади;
ҳаракатдаги темир йўл таркиби ҳамда инфратузилмаси объектларининг рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида гувоҳномалар беради;
мажбурий талаблар бузилишининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйишга қаратилган маълумотларни темир йўл транспорти субъектлари фаолиятига аралашмаган ҳолда тўплаш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш орқали темир йўл транспорти субъектлари фаолиятини ўз ваколатлари доирасида мониторинг қилади.
