Давлат органлари ва ташкилотларининг, давлат иштирокидаги корхоналарнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.
2026-10-06 15:00:00 / Янгиликлар

Давлат органлари ва ташкилотларининг, давлат иштирокидаги корхоналарнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.
Низом билан ички назорат тузилмалари фаолиятини ташкил этиш тартиби, уларнинг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди.
Комплаенс назорат тузилмаларининг махсус электрон платформасида:
- ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимларининг электрон реестри юритилади;
- коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақидаги ҳисоботлар киритилади;
- аноним сўровномалар ўтказилиб, натижалари жамоатчиликка эълон қилиб борилади.
Ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимларини лавозимга тайинлаш очиқ ва шаффоф танловлар орқали амалга оширилади.
Ички назорат тузилмалари ходимлари зиммасига уларнинг вазифаларидан келиб чиқмайдиган топшириқлар юклатилишига йўл қўйилмайди.
Давлат органи ва ташкилоти биринчи раҳбарининг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлари аломатлари аниқланганда ёки жиноий гуруҳ фаолиятига раҳнамолик қилаётгани ҳақида етарли асослар мавжуд бўлганда:
- комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари Президент Администрацияси Комплаенс хизмати билан келишган ҳолда тегишли ҳужжатлар ва маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тўғридан-тўғри тақдим этиш;
- кадрлар масаласи ва молиявий харажатлар бўйича бошқарув қарорларини қабул қилиш ҳуқуқини вақтинча тўхтатиш ёки тегишли раҳбарни ёхуд ходимни вазифасини бажаришдан вақтинча четлатиш борасида таклиф киритиш ваколатига эга бўлади.
Ички назорат тузилмалари ходимлари давлат ҳимоясидадир. Улар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилинади.
———
Коррупцияга дуч келсангиз Агентликнинг «Cалл-маркази» – 1253 орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз.
