Мустақиллик — энг улуғ ва энг азиз неъмат
2026-09-02 10:42:00 / Янгиликлар

Транспорт назорати инспекциясида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Транспорт назорати инспекцияси бошлиғи Жамшид Каримов инспекция ходимларини халқимиз ҳаётидаги энг улуғ ва қутлуғ айём — Мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этди.
Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида юртимизда барча соҳалар қатори транспорт тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳанинг ҳуқуқий ва ташкилий асослари мустаҳкамланиб бормоқда. Бу жараёнда ўз хизмат вазифаларига фидойилик билан ёндашаётган, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган ходимларнинг меҳнати алоҳида эътирофга лойиқ.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони асосида таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонларини тантанали топшириш маросими ҳам ўтказилди.
Қувонарлиси, инспекциянинг 70 нафар ходими Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мазкур эсдалик нишони билан тақдирланди.
Шунингдек, инспекцияда самарали ва намунали фаолият олиб бораётган бир гуруҳ ходимларга Фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тадбирда яқинда ўтказилган “Йилнинг энг яхши ходими” танловида ғолиб ва совриндор бўлган ходимлар ҳам муносиб тақдирланди. Уларнинг касбий билим ва маҳорати, амалий кўникмалари ҳамда спортдаги натижалари эътироф этилиб, пул мукофотига лойиқ кўрилишди.
Байрам тадбири кўтаринки кайфият, самимий тилаклар ва Ватанга бўлган юксак ифтихор туйғулари билан давом этди.









