Йўловчи ташиш соҳасидаги долзарб масалалар очиқ мулоқотда муҳокама қилинди
2026-08-06 15:15:00 / Янгиликлар

Наманган вилоятида Транспорт назорати инспекцияси раҳбарияти ҳамда йўловчи ташувчи корхоналар раҳбарлари ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад йўловчи ташиш соҳасида юзага келаётган муаммоларни ўрганиш, тадбиркорларнинг таклиф ва мурожаатларини тинглаш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Мулоқот давомида йўловчи ташиш хизматлари сифатини ошириш, йўналишларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, амалдаги қонунчилик талабларига риоя этиш, лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларига оид масалалар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, соҳа вакиллари томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар атрофлича муҳокама қилиниб, уларни ижобий ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Таъкидланганидек, бундай очиқ мулоқотлар транспорт хизматлари сифатини янада юксалтириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат органлари ва бизнес вакиллари ўртасидаги самарали ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.


