Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеохабар юзасидан расмий муносабат
2026-07-16 10:35:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда ҳайдовчи ва Транспорт назорати инспекцияси ходимлари иштирокида, инспекторлар боди-камерасиз хизмат олиб бораётгани ҳақидаги видеохабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Транспорт назорати инспекцияси автомобиль, темир йўл, сув, электр транспорти, метрополитен ҳамда йўл хўжалиги соҳаларида давлат назоратини амалга оширувчи республика ижро этувчи ҳокимият органи бўлиб, Инспекция ходимлари давлат фуқаролик хизматчилари ҳисобланади.
Шу муносабат билан жамоатчиликдан Инспекция ходимларини Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ёки ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари ходимлари билан адаштирмасликларини сўраймиз. Зеро, мазкур тузилмалар ваколатлари ҳамда хизмат фаолияти турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган.
Транспорт назорати инспекцияси ходимлари ўз хизмат фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг 668-сон қарори асосида амалга оширади. Амалдаги тартибга кўра, Инспекция инспекторлари учун боди-камерадан фойдаланиш мажбурияти белгиланмаган.
Айни пайтда Инспекция раҳбарияти инспекторлар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, хизмат интизоми ва назорат тадбирлари самарадорлигини янада ошириш мақсадида барча йўналишларда фаолият юритаётган инспекторларни босқичма-босқич боди-камералар билан таъминлаш чораларини кўрмоқда. Ҳозирда мазкур техник воситаларнинг харид қилиш билан боғлиқ ташкилий ишлар давом этмоқда.
2027 йил биринчи ярим йилликда Транспорт назорати инспекцияси инспекторлари боди-камералар билан тўлиқ таъминланиши режалаштирилган.
Транспорт назорати инспекцияси
Ахборот хизмати
