Расмий муносабат
2026-07-01 17:48:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳрининг 33-сонли йўналишида йўл ҳақи сунъий равишда 15 000–20 000 сўмгача оширилаётгани ҳақидаги хабарлар юзасидан Транспорт назорати инспекцияси ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишлар давомида мазкур ҳолатлар юзасидан рейд ва тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Мурожаат асосида Транспорт назорати инспекциясининг Андижон вилояти ҳудудий бўлими инспекторлари томонидан йўл ҳақини асоссиз оширган ҳамда ноқонуний йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланган ҳайдовчилар аниқланди.
Қонунбузарлик содир этган ҳайдовчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Шунингдек, йўл ҳақи белгиланган тарифлар асосида ундирилишини таъминлаш ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан амалий чоралар кўрилмоқда.
Транспорт назорати инспекцияси
Ахборот хизмати

