Транспорт назорати инспекцияси ходимига пора таклиф қилган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
2026-06-30 12:11:00 / Янгиликлар

Транспорт назорати инспекцияси Автомобиль транспортида назорат қилиш Навоий вилояти ҳудудий бўлими инспекторлари хизмат вазифасини бажариш чоғида Кармана туманидаги "Самарқанд" ЙПХ масканида "ФАW" русумли автотранспорт воситасини текшириш учун тўхтатган. Транспорт воситаси ҳужжатлари кўздан кечирилганда унда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 125¹-моддаси 4-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги аниқланган. Мазкур ҳуқуқбузарлик юзасидан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилаётган вақтда автотранспорт воситаси ҳайдовчиси Ж.Б. баённома расмийлаштирилмаслиги эвазига инспекторга 1 000 000 сўм миқдорида пора таклиф қилган. Инспектор фуқарони бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганига қарамай, ҳайдовчи ўз ноқонуний ҳаракатларини давом эттириб, инспекторнинг хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилган. Шундан сўнг инспектор зудлик билан Транспорт назорати инспекцияси раҳбарияти, Коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул ходим, шунингдек, Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Транспорт прокуратурасига мазкур ҳолат юзасидан хабар берган. Тезкор тадбир давомида ҳайдовчи таклиф қилган 1 000 000 сўм пул маблағининг 700 000 сўмини инспекторга пора тариқасида бераётган вақтида прокуратура ва ички ишлар органлари тезкор ходимлари ҳамда холислар иштирокида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





