Коррупциянинг олдини олишга қаратилган рейдлар давом этмоқда
2026-06-22 17:00:00 / Янгиликлар

Транспорт назорати инспекциясининг Коррупцияга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан хизмат фаолиятида қонунийлик, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупсион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида ва Самарқанд мунтазам ЙПХ масканида рейд тадбирлари ўтказилди.
Рейдлар давомида ходимларнинг хизмат интизоми ҳамда ташувчиларнинг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этиши ўрганилди.
Жумладан, ташувчилар билан амалдаги қоида ва қонунларга қатъий амал қилиш, йўловчи ва юк ташиш жараёнларида хавфсизлик талабларини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Тадбир давомида масъул ходимлар ва ташувчиларга коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш, хизмат вазифаларини ҳалол ва холис бажариш, фуқаролар билан мулоқотда қонунийлик тамойилларига амал қилиш бўйича тавсиялар берилди.
Транспорт назорати инспекцияси тизимида коррупциянинг олдини олиш, хизмат фаолияти шаффофлигини таъминлаш ҳамда соҳада қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтиришга қаратилган бундай тадбирлар мунтазам равишда давом эттирилади.




