Ёшлар куни — билим ва тажриба алмашув майдони
2026-04-13 14:14:00 / Янгиликлар

Андижон давлат техника институти Автомобилсозлик ва транспорт факультетида “Ёшлар куни” муносабати билан ташкил этилган тадбир мазмунан бой ва кўтаринки руҳда ўтказилди. Тадбирда Транспорт назорати инспекцияси Автомобиль транспортида назорат вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи, “Транспорт логистикаси” кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда Автомобилсозлик ва транспорт факультети “Йўл ҳаракатини ташкил этиш” таълим йўналиши талабалари фаол иштирок этдилар.
Учрашувда йўлларда жамоат транспорти ҳаракати, транспорт таркиби, йўл-транспорт ҳодисалари, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ёшлар бандлиги ва бошқа долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Давра суҳбати давомида бугунги кундаги жамоат транспорти таркиби бўйича мавжуд ҳолат, йўловчилар билан ишлаш маданияти, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда жамоат транспортининг ўрни каби муҳим масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил ва амалий жавоблар олдилар.
Мазкур тадбир ёшларнинг соҳа бўйича билимларини мустаҳкамлаш, уларда касбий қизиқишни ошириш ва йўл ҳаракати хавфсизлиги маданиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди.




