Туркий давлатлар ташкилоти Туркий университетлар Иттифоқининг 8-Бош Ассамблеяси ташкил этилди
2025-10-15 14:00:00 / Янгиликлар
Бугун пойтахтимизда Туркий давлатлар ташкилоти Туркий университетлар Иттифоқи (ТÜРКÜНİБ)нинг 8-Бош Ассамблеяси ташкил этилди.
Тадбирни кириш сўзи билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Ҳилола Умарова очиб берди ва ҳамкорликдаги лойиҳалар ҳақида сўз юритиб, тадбир ишида омад тилади.
Ассамблеяда ТДТ бош котиби Кубанйчбек Омуралиев, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Туркий Академия президенти, проффессор Шаҳин Мустафаев, ТÜРКÜНİБга аъзо ОТМ раҳбарлари, 69 та хорижий университетлардан жами 200 нафарга яқин ректор ва проректорлар иштирок этди.
Тадбир доирасида:
ТÜРКÜНİБга янги университетларнинг аъзолик аризаларини кўриб чиқиш,
ТÜРКÜНİБ ва Орхун алмашинув дастурини такомиллаштириш бўйича таклифлар,
ТÜРКÜНİБ учун доимий котибият ва махсус дастур жамғармасини ташкил этиш,
Орхун алмашинув дастури ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти илмий-тадқиқот, инновация жамғармасига оид таклифлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида сўз борди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон томонидан Давлатимиз раҳбари томонидан таклиф этилган “Туркий илм-фан ва инновациялар кунлари”ни ўтказиш ташаббуси ҳам муҳокама этилди.
