Янги лавозим, юксак ишонч муборак!
2025-07-14 19:00:00 / Янгиликлар
Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазири Умарова Ҳилола Ўктамовна Президент Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Эндиликда Ҳилола Ўктамовна нафақат мактабгача ва мактаб таълимидаги ислоҳотларда фаолият олиб боради, балки янги Ўзбекистонда ҳурматли Президентимиз бошчилигидаги кенг қамровли таълим тизимидаги ўзгаришларда масъул сифатида иштирок этади.
Айтиш мумкинки, кейинги йилларда юртимизда “мактабгача-мактаб-олий таълим-малака ошириш” ягона тизими вужудга келди.
Шунингдек:
➖ тизимни коррупциясиз соҳага айлантиришга доир ишлар жадал давом эттирилди ҳамда педагогларни аттестациядан ўтказиш, мактабга қабул, турли таълим хизматлари тўлиқ рақамлаштирилди;
➖ вазирлик тизимида Фан олимпиадалари маркази, Ал-Хоразмий университети, Ал-Беруний номидаги мактаб-интернати, Баҳодир Жалолов ва Оксана Чусовитина номидаги спорт мактаблари каби қатор таълим масканлари, «Ренессанс» болалар оромгоҳи фаолияти йўлга қўйилди;
➖ янги сумматив ва форматив баҳолаш тизими босқичма-босқич умумтаълим мактабларига жорий этила бошланди;
➖ умумтаълим мактаблари директорлигига номзодларни менежерлик курсларига ўқитиш ва уларни Директорлар кенгаши орқали тайинлаш тизими йўлга қўйилди;
➖ мактабгача таълим билан қамров даражаси 77 фоизга, 6 ёшли болалар қамрови 96 фоизга етказилди;
➖ ўқувчиларнинг халқаро фан олимпиадалардаги ютуқлари сони кескин ошди ҳамда ушбу тоифадаги олимпиадаларда 2023 йилда 91 та, 2024 йилда 128 та, 2025 йилнинг ўтган вақти давомида 170 та турли даражадаги медаль қўлга киритилди;
➖ ўқувчилар ўртасида “Турон мактаб театри” ҳамда “Иқтидор мактаб ансамбли” республика танловлари йўлга қўйилди;
➖ янги ташкил этилаётган “Йил ўқитувчиси” танлови ғолибларига уй совға қилиниши тартиби жорий этилди.
Соҳага доир бу каби катта ислоҳотларни узоқ санаш мумкин. Муҳими, улар изчил давом эттирилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги жамоаси Ҳилола Ўктамовнага келгуси фаолиятида ҳам улкан муваффақиятлар тилаб, юксак ишонч билан яна бир бор қутлаб қолади!
