ENE Kids лойиҳасининг пилот дастури муваффақиятли ниҳоясига етди
2024-02-24 15:15:00 / Янгиликлар

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда Япония-Ўзбекистон ёшлар инновацион маркази ҳамкорлигида сув ва электр энергияни тежаш бўйича ENE Kids лойиҳасининг пилот дастури муваффақиятли ниҳоясига етказилди.
Унда Тошкент шаҳар ва Сирдарё вилоятидан танлаб олинган 11 та мактабнинг 500 нафардан ортиқ 7-синф ўқувчилари иштирок этишди. Оила аъзолари билан ҳисоблаганда жами 1626 киши қамраб олинди.
Бугун пилот дастурининг якунланишига бағишлаб ўтказилган тадбирда Энергетика вазири ўринбосари Акмал Жуманазаров, вазирлик масъуллари ҳамда дастур иштирокчилари қатнашишди.
Маълумот ўрнида, ушбу дастур ўқувчиларга:
- энергия ва сувдан унумли фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга ёрдам беради;
- бутун мамлакат кўламида қанчалик сув ва энергия тежалиши мумкинлигини кўрсатади.
Натижалардан шуни кўриш мумкин-ки, агар бу лойиҳа барча мактабларга жорий этилса, бир ҳафтада мамлакатимиздаги энг йирик Талимаржон иссиқлик электр стансияси ишининг бир кунлик ишини тежаш мумкин, сув эса, ҳар ҳафта бир олимпия стадионига кетадиган сув тежаб қолиниши мумкин.
Таъкидлаш жоиз, бу каби тадбирлар ёшларга энергия ресурсларидан унумли фойдаланиш, тежаш орқали экологик муаммоларни ечишда ўз ҳиссаларини қўшишларига кўмаклашади.
Лойиҳа доирасида япониялик эксперт Юки Янагида томонидан мазкур тажриба-синов мактабларининг ўқитувчилари учун тренинглар ҳам ташкил этилди.
