Абу Райҳон Беруний олимпиадасининг очилиш маросими бўлиб ўтди
2025-05-29 11:05:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 28-май –– 4-июн кунлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳамда Фан олимпиадалари маркази томонидан Тошкент шаҳрида иккинчи маротаба Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 30-сентябрдаги “Иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-346-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 26-апрелдаги 271-сон фармойишида белгиланган тегишли вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 28-май––4-июн кунлари Тошкент шаҳрида иккинчи маротаба Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси ўтказилмоқда.
Халқаро олимпиадани ўтказишдан асосий мақсад, буюк аждодларимизнинг жаҳон сивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, иқтидорли ўқувчиларнинг хорижий мамлакатлардаги тенгдошлари билан дўстона рақобат қилиш муҳитини яратиш, уларнинг кимё фанини чуқур ўрганишга қизиқишларини янада оширишдан иборат.
Мазкур олимпиадада дунёнинг 13 та мамлакати — Саудия Арабистони, Туркия, Озарбайжон, Монголия, Беларус, Ветнам, Россия, Грузия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон давлатларидан келган ҳамда Ўзбекистон вакилларидан иборат, жами 115 нафар (28 та жамоа) ўқувчи-ёшлар иштирок этади.
Айтиш лозимки, Иккинчи Ренесанс номини олган ўрта асрлар шарқ мамлакатлари тараққиётига муносиб ҳисса қўшган олим Абу Райҳон Берунийга бўлган қизиқиш бугун ҳам бутун дунё миқёсида катта эътибор билан қарши олинади.
973-йилда, Хоразм воҳаси ҳудудида — ҳозирги Ўзбекистоннинг Кат шаҳри (ҳозирги Беруний тумани)да таваллуд топган Абу Райҳон Берунийга астрономия, география, кимё ва математика фанларнинг ривожида беқиёс ўрин эгаллаган. Ҳатто “Китоб ал-Жамоҳир фи Маърифат ал-Жаwоҳир” асарида моддалар тузилиши, уларнинг ўзаро таъсири, оғирлик ва зичликни ўлчаш бўйича илғор ғоялар билдирган.
Шу маънода ўзбек ёшларининг дунё илм-фан чўққиларини забт этиши ҳамда халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида Абу Райҳон Беруний каби буюк алламоларнинг ўрни беқиёс эканлигини бугун ҳар бир ёш авлод вакили юракдан ҳис қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида ташкил этилаётган мазкур олимпиада учун тайёрланган синов топшириқларини шакллантиришда халқаро олимпиада стандартларига алоҳида эътибор берилган.
Халқаро олимпиаданинг юқори савияда ўтказилишини таъминлаш мақсадида ҳакамлар ҳайъати таркибига Туркия, Саудия, Россия, Беларус ва Англия, каби хорижий мамлакатлардан халқаро олимпиадалар соҳасида кўп йиллик тажриба ва юқори салоҳиятга эга эксперт мутахассислар, шунингдек, Ўзбекистондан академик унвонга эга профессорлар жалб этилди.
Олимпиада босқичлари 2 турда ташкил этилади.
1-тур ёзма иш (назарий) шаклида ўтказилиб, иштирокчиларга 5 та топшириқ берилди ва ҳар бир топшириқ максимал 10 баллдан баҳоланди — жами 50 балл. Мазкур тур топшириқларини бажариш учун иштирокчиларга 5 соат вақт ажратилди.
2-тур амалий (лаборатория) иш шаклида ўтказилиб, 1 та топшириқ берилди ва максимал 30 балл билан баҳоланди. 2-тур топшириқларини бажариш учун 2,5 соат вақт ажратилди.
Олимпиада доирасида ўқувчи-ёшлар учун халқаро мутахассислар иштирокида бир қатор маҳорат дарслари ўтказилди. Бундан ташқари, олимпиада иштирокчилари ва меҳмонлар учун Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг тарихий ва маданий обектларига саёҳатлар ташкил этилиб, юртимизнинг маданий ва маърифий мероси билан яқиндан таништирилади.
Мазкур олимпиада кимё фани бўйича жорий йилнинг июл ойида ўтказиладиган Халқаро Кимё Олимпиадаси (ИЧО)га навбатдаги тайёргарлик босқичи бўлиб хизмат қилади.
Маълумот учун: 2022-йилда юртимиз ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида 46 та, 2023-йилда 91 та, 2024-йилда эса 128 та медални, эътиборлиси, жорий 2025-йил май ойига қадар жами 132 та медални қўлга киритгани – бу соҳадаги саъй-ҳаракатларнинг юксак самарасидир.
