Миллий контентлар ишлаб чиқишга қаратилган креатив оромгоҳ тадбирлари
2025-05-08 10:30:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 21 апрель куни Давлатимиз раҳбари ҳузурида мактаб таълими сифатини ошириш ҳамда педагоглар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот тадбирида ёшлар таълим-тарбиясига кучли таъсир кўрсатадиган, қизиқарли миллий контентлар яратиш вазифаси қўйилган эди.
Шу мақсадда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва “Digital Generation Uzbekistan” ННМ томонидан соҳанинг етук мутахассислари, Қори Ниёзий номидаги Педагогик тарбия институти профессорлари, рассом, дизайнер, аниматор, видеограф, фотограф ва контент яратувчилар иштирокида ўқув машғулотлари ташкил этилди. Ўқув тренинги давомида:
- Сунъий интеллект ёрдамида лойиҳалар ишлаб чиқиш,
- Анъанавий ва рақамли рассомчилик,
- Анимациялар яратиш,
- Медиа — видео ва фотолар устида ишлаш,
- Экология йўналишларида малакали ментор ва экспертлар томонидан дарслар ўтказилмоқда.
Машғулот жараёнлари 7-9 май куни Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги “Ренессанс” болалар оромгоҳида ташкил этилди.
Бундан кўзланган мақсад – болаларда миллий қадриятларга ҳурмат ва миллий ўзликни англаш ҳиссини шакллантиришга қаратилган миллий медиа маҳсулотларини яратишдан иборат.
Тадбир доирасидаги маҳорат дарсларида “DIP animation”, “Lola animation” каби йирик брендлар вакиллари иштирокида очиқ мулоқот тадбирлари ҳам ўтказилди. Шунингдек, Beijing National Day School (Хитой) устозлари томонидан анимация йўналишида онлайн маҳорат дарслари ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, ёш авлод вакилларини турли ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш, ёшлар қалбида ушбу иллатларга қарши ғоявий иммунитетни кучайтириш бугунги куннинг муҳим талабларидан биридир.
Сифатли миллий контентларни яратиш, унда умумбашарий ва миллий қадриятларимизнинг акс этиши бу йўлдаги муҳим мақсадлардан биридир.
Шундан келиб чиққан ҳолда, ташкил этилган ўқув тренинг дасрларида иштирокчилар миллий ва замонавий контент яратиш бўйича назарий ва амалий машғулотларда иштирок этади.
Шу билан бирга соҳа мутахассислари иштирокидаги маҳорат дарсларида қатнашиб, ўзаро тажриба алмашишади.
Машғулотларда соҳадаги тажрибаси ва ютуқларига кўра саралаб олинган 150 нафарга яқин ёш иқтидорлар қатнашишмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими
вазирлиги Ахборот хизмати
