“Педагог кадрлар тайёрлаш тизимининг трансформацияси – Янги Ўзбекистон учун сифатли таълим гарови” мавзусидаги халқаро конференция
2025-05-01 13:45:00 / Янгиликлар

2025 йил 1 май куни пойтахтимиздаги Янги Ўзбекистон университетида “Педагог кадрлар тайёрлаш тизимининг трансформацияси – Янги Ўзбекистон учун сифатли таълим гарови” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов, Cambridge Assessment, UNESCO, UNICEF, Британия Кенгашларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, Cambridge Университети ва бошқа халқаро таълим ташкилотлари экспертлари, педагог ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Қайд этилганидек, Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 апрелдаги “Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони асосида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети негизида Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ташкил этилмоқда.
Шунингдек, республикада педагогика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган 13 та олий таълим ташкилоти Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимига ўтказилади.
Янги ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич Университетнинг мавжуд 14 та факультети мақбуллаштирилади ҳамда юридик шахс бўлмаган 6 та педагогика олий мактаби ташкил этилади.
Етакчи олий таълим ташкилоти сифатида эътироф этилаётган мазкур Университетнинг бошқарув тизими “Янги Ўзбекистон” университети тажрибаси асосида тубдан такомиллаштирилади ҳамда халқаро таълим дастурлари бакалавриат таълим йўналишларига биринчи курсдан жорий этилади.
Қувонарли жиҳати, хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда дарс бериш учун профессор-ўқитувчиларни танлаб олинади.
Кутилаётган янги ўқув йилидан бошлаб педагог кадрларни тайёрлаш шакли кундузги ва кечки таълим шаклида олиб борилади, сиртқи таълим шаклига қабул амалга оширилмайди.
2026-2027 ўқув йилидан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия беришга қаратилган “Госпитал педагогика” магистратура мутахассислиги йўлга қўйилади.
Шунингдек, ушбу Фармон билан педагог кадрлар тайёрлаш тизимининг трансформацияси босқичма-босқич амалга оширилади.
Бунда Университет дунё рейтингида етакчи ўринда турган Буюк Британиянинг Кембридж университети билан ўқитувчиларни тайёрлашнинг амалдаги дастурларини кўриб чиқиш, янги ўқув режа ва дастурларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилади.
Ҳамкорлик доирасида Кембридж университетининг малакали мутахассисларидан иборат халқаро экспертлар гуруҳи Университет ва педагог кадрлар тайёрлайдиган барча олий таълим муассасаларини трансформация қилиш бўйича кенг қамровли таҳлил ўтказади.
Ушбу ўрганишлар доирасида соҳани ривожлантириш бўйича келгуси 5 йилга мўлжалланган ҳамкорликдаги “Йўл харитаси”ни тузиш режалаштирилган.
Конференция доирасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини трансформация қилишга қаратилган ушбу режаларни амалга ошириш бўйича экспертларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.
