Аттестацияда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш ва мурожаат юбориш 15 январдан бошланади
2024-01-08 14:20:00 / Янгиликлар

Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларининг жорий йилги аттестациядан ўтказиш жараёнлари 2024 йил 15 январдан бошланади. Ушбу тоифадаги педагоглар жорий йил январ-июн ойларида ўтказиладиган аттестацияда иштирок этишлари учун 15 январдан 1 мартга қадар рўйхатдан ўтиши ва мурожаат юбориши мумкин.
Бунинг учун педагоглар Вазирлик томонидан ишлаб чиқилган pedkadr.uzedu.uz платформаси орқали:
- Низомда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши ва мурожаат юбориши;
- шахсий кабинети орқали малака синови ўтган куннинг ўзидаёқ аттестация натижалари билан танишиши;
- аттестация якунида педагогларга бериладиган QR-код қўйилган электрон шаклдаги сертификатларни юклаб олиши мумкин.
Мазкур платформани ҳозирги кунда тегишли вазирлик ва идорларнинг электрон тизимлари билан интеграция қилиш ишлари якунланмоқда.
Маълумот учун: 2023 йилнинг 5-7 декабрь кунлари “pedkadr.uzedu.uz” электрон платформаси орқали 20 та туман (шаҳар) педагоглари иштирокида малака тоифалари беришнинг янги тизими компютерда реал вақт режимида (онлайн) тажриба-синовдан ўтказилди.
