Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг мактабгача тизим масъуллари билан мулоқоти бўлиб ўтди
2025-03-06 11:35:00 / Янгиликлар
Мулоқотда марказий ва ҳудудий студиялардан республикамиздаги 38 мингдан ортиқ давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, мактабгача ва мактаб таълими тизимида 10 дан ортиқ хизмат турлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилгани натижасида соҳада мурожаатлар сони 2,5 каррага камайди.
Мактабгача таълим соҳасига берилган катта эътибор натижасида боғчалар сони 8 баробарга ошиб, 38 мингдан ортди ва болаларнинг қамров даражаси 2017 йилдаги 27 фоиздан 77 фоизга етказилди.
Ташкил этилган боғчаларнинг қарийб 7 мингтаси давлат боғчаси бўлса, қолган 31 мингдан ортиғи нодавлат боғчалар ҳисобланади.
Нодавлат боғчаларда ҳозирда қарийб 1 миллионга яқин болаларимиз тарбияланмоқда.
Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, болаларни асраш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича 20 дан ортиқ Қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Шунингдек, мамлакатимиз томонидан БМТнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияси ратификация қилинган.
Ҳозирда хусусий мактаб ёки боғча очишдаги бюрократия йўқ қилинди, тизим рақамлаштирилди. Бундай хизматлар учун олдинги 3 ой ўрнига 15 кунда лицензия бериляпти.
Яна бир мисол, Президентимизнинг тегишли фармони билан 2018-2022 йилларда давлат бюджети ва халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан ажратилган имтиёзли кредитларни қайтариш муддати 5 йилга узайтирилди.
Биргина 2025 йилда оилавий боғчаларни қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан 3,8 триллион сўм ажратилди.
Йиғилишнинг иккинчи қисмида ҳар бир ҳудуддан мактабгача таълим ташкилотлари масъулларининг тизимни янада ривожлантириш, болаларни тарбиялашдаги янги методикаларга доир таклиф ва мулоҳазалари тингланди.
