Сўраган эдингиз...
2025-01-25 14:05:00 / Янгиликлар

Ментор-ўқитувчиларга устамалар белгиланиши ҳақида хабар берилганди. Ушбу устама миқдори қанча ва қачондан бошлаб тўланади?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 21-июндаги “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида бу ҳақида айтиб ўтилган. Унга кўра:
2025-йил 1-январдан бошлаб — барча умумий ўрта таълим муассасаларида “Касбий ривожланиш соати”, таянч умумий ўрта таълим муассасаларида “Касбий ривожланиш куни” босқичма-босқич жорий этилади. Ушбу тадбирларни ташкил этиш учун ҳар бир туман (шаҳар)да юқори малакали ўқитувчилар орасидан фанлар кесимида ментор-ўқитувчилар таркиби шакллантирилади.
Ментор-ўқитувчи сифатида фаолият юритаётган фан ўқитувчиларига асосий иш жойи бўлган умумий ўрта таълим муассасаси директор жамғармаси ҳисобидан лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида қўшимча ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.
Маълумот учун: Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар педагогик маҳорат марказларида ментор-ўқитувчилар учун алоҳида тайёрлов курслари ташкил этилади.
