1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни
2026-09-28 11:00:00 / Янгиликлар
“1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан ўтказилаётган тадбир иштирокчилари бугун Олий Мажлис Сенати ҳамда сенаторлар иш фаолияти билан яқиндан танишди.
Унда Олий Мажлис Сенати қўмита раиси Анвар Тўйчиев, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъул ходимлари, юртимизнинг барча ҳудудларидан келган педагоглар, узоқ йиллар тизимда фаолият юритган устозлар, таълим фидойилари иштирок этди. Учрашув аввалида иштирокчилар Сенат кутубхонасида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Мулоқот давомида давлатимиз томонидан таълим тизимида сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар, соҳага доир қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳияти, сенаторлар фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз борди.
Тадбирда педагоглар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимдаги сўнгги қонунчилик ўзгаришлари ҳамда ўзлари қизиқтирган бошқа йўналишга доир саволларга атрофлича жавоб олишди.
Байрам тадбирлари айни вақтда Тошкент шаҳридаги қатор маданий ва саёҳат марказларида давом этмоқда.
