Қорақалпоғистон Республикасида 777 та таълим ташкилоти томонидан тўгарак хизматлари таклиф этилмоқда
2026-09-18 10:00:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида айрим тоифадаги оилалар фарзандларини қўшимча таълимга жалб қилиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Хўжайли туманидаги “Талеэм асадемй” нодавлат ўқув марказида бўлиб, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Маълумот ўрнида: “Талеэм асадемй” маркази Kelajak.uzedu.uz платформасида рўйхатдан ўтган 600 нафардан зиёд ўқувчилар ахборот технологиялари, хорижий тиллар, умумтаълим фанлари бўйича қўшимча тўгаракларга жалб қилинган.
Учрашув давомида ўқувчилар учун яратилган шароитлар, машғулотларнинг ташкил этилиши ва таълим жараёни кўздан кечирилди.
Таъкидлаш жоиз, Қорақалпоғистон Республикасида 777 та таълим ташкилоти томонидан тўгарак хизматлари таклиф этилмоқда. Уларда 9 167 нафар ўқувчи ўз қизиқишидан келиб чиқиб, турли йўналишлардаги тўгаракларга жалб қилинган.
2026 йилнинг ўтган даври мобайнида ҳудуддаги таълим ташкилотларига ўқитиш харажатларини қоплаш учун жами 5,2 млрд сўм маблағ тўлаб берилди.
