Мактабгача ва мактаб таълимида ўзбек тилини сифатли ўқитиш: замонавий методика ва инновацион ёндашувлар
2026-08-25 09:00:00 / Янгиликлар

“Мактабгача ва мактаб таълимида ўзбек тилини сифатли ўқитиш: замонавий методика ва инновацион ёндашувлар” мавзусида ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Унда Президент Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари бўлинмасининг лойиҳа координатори Юлия Рисюкова, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримов, А.Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов иштирок этди.
Унда умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида ўзбек тилини ўқитиш сифатини ошириш, давлат тилига бўлган эътиборни кучайтириш, педагогларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинар давомида умумий ўрта таълим мактаблари педагоглари учун ўзбек тилини ўқитишнинг замонавий усуллари, мулоқотга йўналтирилган таълим, амалий топшириқлар асосида ўқитиш, дарсларни режалаштириш ва баҳолаш усуллари бўйича машғулотлар ташкил этилади.
Маълумот ўрнида: Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази томонидан ташкил этилган тадбирда 180 нафар педагоглар иштирок этишди.
