Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримованинг педагоглар, соҳа ходимлари, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчиликка МУРОЖААТИ
2026-07-08 09:45:00 / Янгиликлар

Ҳурматли мактабгача ва мактаб таълими тизими ходимлари!
Қадрли педагоглар, ота-оналар ва азиз юртдошлар!
Барчамизга яхши маълум, коррупция — давлат ва жамият тараққиёти, таълим сифати ҳамда фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончига жиддий путур етказувчи хавфли иллат. Шу маънода айтиш лозимки, коррупцияга қарши курашиш нафақат давлат органлари, балки ҳар бир раҳбар, ходим ва фуқаронинг фуқаролик бурчидир.
Юртимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш, давлат бошқарувида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда фуқароларга қулай ва сифатли давлат хизматларини кўрсатиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, мактабгача ва мактаб таълими тизимида ҳам коррупциянинг олдини олиш, коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш ҳамда ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, вазирлик тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси йўлга қўйилиб, “Бир дарча” тамойили асосида давлат хизматлари босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказилмоқда, инсон омилини камайтиришга қаратилган рақамли ечимлар амалиётга жорий этилмоқда.
Вазирлик тизимидаги “Ситуацион марказ” орқали бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ва қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича замонавий мониторинг тизими йўлга қўйилди.
Шунингдек, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда ички назорат механизмларини кучайтириш бўйича тизимли чоралар амалга оширилмоқда.
Аммо айрим таълим муассасаларида ноқонуний пул йиғимлари, мансабдор шахслар орасида ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш, манфаатлар тўқнашуви, бюрократик тўсиқлар ҳамда бошқа коррупциявий ҳолатлар ҳануз учраб тураётгани ҳам бор ҳақиқат.
Албатта, бу каби ҳар бир нохуш ҳолат вазирлик томонидан алоҳида назоратга олинади ҳамда ўрнатилган тартибда зарур ва тезкор чора кўриб борилиши таъминланади.
Ҳурматли тизим ходимлари!
Сизлардан хизмат вазифаларингизни юксак масъулият, виждон ва ҳалоллик билан бажаришингизни, қонунчилик талабларига қатъий риоя қилган ҳолда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатда бўлишингизни сўрайман.
Унутманг, ҳеч қандай ноқонуний манфаат, совға, пул маблағи ёки бошқа кўринишдаги рағбат хизмат бурчидан устун бўлиши мумкин эмас. Ҳар бир раҳбар ва ходим ўзининг шахсий намунасида ҳалоллик ва холислик тамойилларига амал қилиши лозим.
Қадрли ота-оналар ва фуқаролар!
Таълим тизимида коррупция ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларига қарши курашишда сизларнинг ҳам фаол фуқаролик позициянгиз алоҳида аҳамиятга эга.
Агар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари, тизим ташкилотлари ёки мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларининг коррупциявий хатти-ҳаракатлари, ноқонуний пул йиғимлари, манфаатлар тўқнашуви ёки бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига оид маълумотларга эга бўлсангиз, вазирликнинг қуйидаги алоқа каналлари орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз:
"Ишонч телефони": (71) 202-09-09
Телеграм бот: @mmtv_anticorbot
Расмий саҳифа: https://uzedu.uz/uz/page/korrupsiyaga-qarshi-kurashish
Виртуал қабулхона: https://vazir.uzedu.uz/
Вазирга мурожаат Телеграм боти: @uzedu_vazirbot
Электрон почта: info@uzedu.uz
Ҳар бир мурожаат белгиланган тартибда холис ва ҳар томонлама кўриб чиқилади ва мурожаатчиларнинг шахсига оид маълумотларнинг махфийлиги қонунчилик талабларига мувофиқ тўлиқ кафолатланади. Тасдиқланган коррупциявий ҳолатлар юзасидан айбдор шахсларга нисбатан қатъий қонуний чоралар кўрилади.
Азиз ҳамкасблар ва ҳурматли юртдошлар!
Ишончим комилки, биргаликда ҳалоллик, очиқлик, адолат ва масъулият тамойилларига содиқ қолган ҳолда, таълим тизимида коррупциядан холи, шаффоф ва замонавий бошқарув тизимини янада мустаҳкамлаймиз ҳамда фарзандларимиз учун сифатли таълим муҳитини яратишга муносиб ҳисса қўшамиз.
