Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар
2026-06-30 12:00:00 / Янгиликлар
Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ёшлар билан ишлаш тизими мутлақо янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.
Қайд этилганидек: 1,5 миллион нафар ёшнинг таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, хорижий тилларни ўрганиш, иш топиш ва тадбиркорликни бошлаш билан боғлиқ муаммолари “Ёшлар дафтари” орқали ҳал этилди; ёш тадбиркорлар сони 5 баравар ошиб, 287 мингдан зиёдга етди; хорижий тилларни интенсив ўрганаётган йигит-қизлар сони 3,5 миллион нафарга етди; ўқувчи ва талабалар нуфузли халқаро фан олимпиадаларида 434 та, ёш спортчилар эса халқаро мусобақаларда 2 245 та медални қўлга киритди; тарбияси оғир ёшлар билан манзилли ишлаш натижасида икки йил ичида ёшлар жиноятчилиги 2,5 баравар камайди.
“Лекин бу – ёшлар билан боғлиқ барча масалалар ҳал бўлди, дегани эмас,” - деди Президент. Давлатимиз раҳбари ёшлар масалалари учун масъул вазирлик ва идоралар, ҳокимлар, олий таълим муассасалари ректорлари, техникум ҳамда мактаб директорларига ёшларнинг эҳтиёж ва қизиқишларини мунтазам ўрганиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича тизимли ишларни изчил давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
