Мактабларда сув, санитария ва гигиена соҳасида ислоҳотлар олиб борилмоқда
2026-06-19 16:00:00 / Янгиликлар
Мамлакатимизда таълим соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ўқувчилар учун қулай, хавфсиз ва соғлом муҳит яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу саъй-ҳаракатларнинг узвий давоми сифатида, “Ишонч-2030” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2025-2028 йилларда таълим соҳасида «Мактабларда сув, санитария- гигиена ҳолатини яхшилаш ҳамда иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш» лойиҳасини амалга ошириш бошланди.
Мазкур стратегик дастур доирасида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги 100 та мактаб (ҳар бир вилоятдан 50 тадан) танлаб олиниб, улардаги сув таъминоти, санитария ва гигиена (SSG) тизимлари 3 юлдузли методология асосида тизимли равишда ўрганиб чиқилди. Баҳолаш жараёни ЮНИСЕФ, БМТ Тараққиёт Дастури ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилди.
Ишлаб чиқилган қўлланма мактаблардаги SSG хизматларини 11 та асосий компонент бўйича баҳолаш имконини беради. Унда нафақат инфратузилма, балки қуйидаги муҳим йўналишлар қамраб олинган:
Иқлим ўзгаришига чидамлилик: Мактабларни экстремал об-ҳаво шароитларида (айниқса, қаттиқ совуқ ва қурғоқчиликда) фаолият юритишини таъминлаш;
Инклюзивлик: Ногиронлиги бўлган болалар учун тўсиқсиз муҳит яратиш;
Гендер тенглик: Қизлар учун ҳайз гигиенасини бошқариш (НСВ) бўйича муносиб шароитлар яратиш;
Эксплуатация ва техник хизмат: Тизимларни барқарор ишлатиш учун аниқ режалар ва бюджетлаштириш механизмини жорий этиш.
Ўтказилган таҳлиллар асосида соҳа инфратузилмасини яхшилаш бўйича методик қўлланма ишлаб чиқилди. Ушбу қўлланма мактабларда 880 тизимларини “0 юлдуз” дан (хизматлар йўқлиги) “3 юлдуз” (юқори даражадаги миллий стандартлар) даражасигача кўтариш бўйича аниқ йўриқномаларни ўз ичига олади.
Тизимдаги раҳбар ходимларга мазкур методичка билан танишиб чиқиш ва ундан мактабларда сув таъминоти, санитария ва гигиена (SSG) ҳолатини яхшилашда асосий қўлланма сифатида фойдаланиш тавсия этилади. Бунда инвестицияларни биринчи навбатда аниқланган камчиликларни бартараф этишга ва иқлим ўзгаришига чидамли моделларни яратишга йўналтириш
лозим. Танлаб олинган мактабларни 3 юлдузли рейтингга етказиш уларни бутун мамлакат бўйлаб намунавий модель сифатида жорий этиш ҳамда ўқувчилар учун хавфсиз таълим муҳитини яратиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
