Ёшлар замонавий билим билан бирга миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбияланиши лозим
2026-06-19 14:00:00 / Янгиликлар

Самарқандда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев самарқандлик ёшлар билан учрашди.
Учрашув давомида мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, улар учун яратилаётган кенг имконият ва шарт-шароитлар ҳақида сўз юритилди. Фарҳод Боқиев бугунги техника ва технологиялар жадал ривожланаётган, глобаллашув жараёнлари тобора кучайиб бораётган даврда ёшлар замонавий билимларни пухта эгаллаб, турли соҳаларда юқори натижаларга эришаётганини алоҳида таъкидлади.
Шу билан бирга, у миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизни асраб-авайлаш масаласига ҳам тўхталиб, айрим қадриятларнинг йўқолиб бориши хавотир уйғотаётганини қайд этди. Вазир ўринбосари ёшлар нафақат билимли ва рақобатбардош бўлиши, балки миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбияланиши, оиласига меҳрли, ота-онасини қадрлайдиган инсонлар бўлиб вояга етиши муҳимлигини таъкидлади.
— Бугунги ёшлар билим олиш билан бир қаторда ўзлигини, миллий қадриятларини ҳам унутмаслиги керак. Ота-онага ҳурмат, оилага меҳр ва миллий анъаналарга садоқат ҳар бир ёшнинг ҳаёт тамойили бўлиши лозим, — деди Фарҳод Боқиев.
Тадбир давомида ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, уларнинг таклиф ва фикрлари тингланди. Учрашув сўнгида вазир ўринбосари ўқувчиларни кўпроқ китоб мутолаа қилишга чақириб, китоб инсоннинг маънавий ва интеллектуал камолоти учун муҳим манба эканини таъкидлади.
Шунингдек, у ёшларга ота-оналарига бўлган меҳр ва эҳтиромини сўзда ҳам изҳор этиб туриш муҳимлигини эслатди.
— Ота-онангизни яхши кўришингизни ҳар куни айтинг. Бу улар учун энг катта бахт ва куч бағишловчи ҳислардан биридир, — деди Фарҳод Боқиев.
Мазкур учрашув ёшларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини бойитиш, уларни миллий қадриятларга содиқ ва билимли авлод сифатида тарбиялашга хизмат қилди.
