Муҳтарама онахонлар, мунис опа-сингиллар! Қадрли устозлар!
2026-03-08 08:25:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Аввало, сиз азизларни, сиз орқали барча хотин-қизларни бугунги баҳор айёми — «8 март — Халқаро хотин-қизлар куни» байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман!
Ушбу қутлуғ айёмда авваламбор, барчамизни дунёга келтирган, оқ сут бериб вояга етказган Она сиймоси олдида бош эгиб, таъзим қиламиз ва ҳар бир буюк шахс ортида мўътабар она борлигини яна бир бор ҳис қиламиз.
Аёлни, оналарни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадриятдир. Биз қайси касб эгаси бўлмайлик, қандай лавозимда ишламайлик, она олдида бош эгамиз!
Муҳтарам Юртбошимиз томонидан аёлларга кўрсатилаётган юксак эътибор натижасида бугунги кунда барча соҳаларда аёлларимизнинг фаоллиги кундан кун ортиб бормоқда.
Хусусан, мактабгача ва мактаб таълими тизимида ҳам ана шундай юз минглаб заҳматкаш ва фидойи хотин-қизлар келажагимиз бўлган ёш авлод бахту камоли учун сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқдалар.
Фурсатдан фойдаланиб, барча устоз педагог хотин-қизларни, мунис опа-сингилларимизни яна бир бор гўзаллик ва нафосат байрами билан самимий муборакбод этаман!
Барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Сизларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларингизга файзу барака, илмий ва ижодий ютуқлар тилайман.
Қутлуғ байрамингиз муборак бўлсин, Азиз аёллар!
Ҳурмат билан,
Эъзоза Каримова
Мактабгача ва мактаб таълими вазири
