PIRLS тадқиқоти жараёнларига тайёргарлик мутасаддилар иштирокида кўриб чиқилди
2026-03-12 10:00:00 / Янгиликлар
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова бошчилигида соҳа ривожини таъминлашга қаратилган келгуси масалалар муҳокамасига бағишланган “Вазир соати” ўтказилди.
Унда вазир ўринбосарлари, вазирлик масъуллари, ҳудудий бошқармалар, тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда дастлаб болалар меҳнатидан ноқонуний фойдаланишни олдини олиш бўйича амалдаги қонунчилик талаблари ижросини таъминлаш, бу борадаги профилактик чора-тадбирларни кучайтириш масаласи атрофлича кўриб чиқилди.
Масъулларга болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш, барча бўғин раҳбарларининг бу борадаги шахсий жавобгарлиги ва масъулиятини ошириш бўйича зарур топшириқлар берилди.
Шундан сўнг таълим муассасаларида Наврўз умумхалқ байрами тадбирларини юқори савияда ташкил этиш, миллий қадриятлар ва анъаналарни кенг тарғиб қилган ҳолда турли маданий ва спорт тадбирларини ўтказиш бўйича белгиланган режалар таҳлил қилинди.
Йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда кўчат экиш тадбирларини ўтказиш, ўқувчи-ёшлар иштирокида “Маҳалламга ниҳол экаман!” акцияси, “Янги дарахт – янги нафас” республика эко мусобақаси, мактаблар ўртасида “Энг обод таълим муассасаси”, “Обод мактаб” танловларини ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбирда PIRLS халқаро баҳолаш тадқиқотини ўтказиш учун олиб борилаётган тайёргарлик ишлари ҳам мутасаддилар иштирокида кўриб чиқилди.
