Ўзбекистонда иккинчи марта Ал-Хоразмий номидаги ёш математиклар халқаро олимпиадаси бўлиб ўтади
2024-05-25 15:55:00 / Янгиликлар

Мазкур халқаро олимпиада 14-15 ёшли ўқувчилар ўртасида 2024-йил 26-31-май кунлари Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда ташкил этилади.
Ушбу олимпиадада математика фанидан 7-8-синф ўқувчилари ўртасида ташкил этилган Ал-Хоразмий номидаги аниқ фанлар олимпиадасининг ҳудудий босқичида 1-2-3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар иштирок этиши белгиланган.
Бундан ташқари, ёш математиклар халқаро олимпиадасида қўшни мамлакатлар Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ҳамда Озарбайжон терма жамоаларининг ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Халқаро олимпиадада иштирокчиларга 2 кун давомида ёзма иш учун 4 тадан масала берилиб, ҳар бир масала 10 балл билан баҳоланади. Масалаларни ечиш учун иштирокчиларга ҳар куни 4 соатдан вақт берилади. Жами икки тур учун максимал балл 80 баллни ташкил қилади.
Халқаро олимпиада якунида ғолиблар аниқланади ва олимпиада ғолибларига олтин, кумуш, бронза медаллари ҳамда тегишли дипломлар топширилади.
Халқаро олимпиаданинг якуний натижаларига кўра, 2008-йил 27-декабр ва ундан кейин туғилган ўзбекистонлик иштирокчилар орасидан энг яхши натижа кўрсатган 6 нафар ўқувчилар халқаро 28-Ўсмирлар ўртасида Болқон математика олимпиадасида иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоаси таркибига киритилади. Мазкур халқаро олимпиада жорий йилнинг 25-30-июн кунлари Туркиянинг Анталя шаҳрида бўлиб ўтади.
