“РАҚАМЛИ АВЛОД ҚИЗЛАРИ” РЕСПУБЛИКА ТАНЛОВИНИНГ ҲУДУДИЙ БОСҚИЧИ
2026-01-06 12:15:00 / Янгиликлар

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Digital Generation Uzbekistan” NNМ билан ҳамкорликда жорий йилнинг
6-7 январь кунлари “Рақамли авлод қизлари” Республика танловининг иккинчи – вилоят (ҳудудий) босқичи ташкил этилмоқда. Жараёнлар юртимиз бўйлаб барча ҳудудларида бўлиб ўтади.
Унда танловнинг туман (шаҳар) босқичида ғолиб бўлган қизлар иштирок этишади. Ҳудудий босқичда ҳар бир ҳудуддан энг юқори балл эгаллаган 1-, 2- ва 3-ўрин соҳиблари (ҳар бир ёш тоифаси бўйича) Республика боскичига йўлланмани қўлга киритади.
Танловда иштирокчи қизлар Таълим, сунъий интеллект, яшил иқтисодиёт ва иқлим ўзгариши каби йўналишларда ўз тақдимотлари билан иштирок этишади.
Маълумот ўрнида: “Рақамли авлод қизлари” танлови 2021 йилдан буён доимий равишда ўтказиб келинади. Ҳозирга қадар унда 100 минг нафардан ортиқ қизлар иштирок этишди.
Танловнинг дастлабги босқичида 92 минг нафардан ортиқ қизлар қамраб олинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Рақамли авлод қизлари”да нафақат ўзбекистонлик, балки соҳага қизиқувчи хорижлик ўқувчилар ҳам қатнашиб келишмоқда. Хусусан, ўтган йиллар давомида лойиҳада БАА, Афғонистон, Озарбайжон, Иордания ва Хитойдан ҳам қизлар ўз лойиҳалари билан иштирок этишди.
Мазкур лойиҳа доирасида ўтган давр мобайнида иштирокчи қизлар томонидан 400 дан ортиқ лойиҳалар ишлаб чиқилган. 2024-2025 йилларда лойиҳада ғолиб бўлган қизлар БАА ва АҚШда таълим саёҳатида бўлишди. Таълим саёҳати давомида иштирокчилар шаҳарларнинг диққатга сазовор жойлари билан биргаликда Emirates National School, Гарвард, Массачуссетс технология институтларидаги таълим жараёнлари билан ҳам танишишди.
Жорий йилда ҳам ғолиб иштирокчилар хорижий давлатга таълим саёҳати йўлланмасини ютиб олишади.
