Коррупциянинг олдини олиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди
2025-12-19 14:00:00 / Янгиликлар
Ҳурматли тизим ходимлари,
Қадрли ота-оналар!
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ушбу йўналишда тизимли ва изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳурматли Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида мактабгача ва мактаб таълими тизимида ҳам коррупциянинг олдини олиш бўйича қатор амалий ишлар амалга оширилди.
Хусусан, вазирлик тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси жорий этилмоқда, соҳага оид кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилди. “Бир дарча” тамойили асосида 10 дан ортиқ давлат хизматлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилиб рақамлаштирилмоқда.
Шунингдек, Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда “Ситуацион марказ” фаолияти йўлга қўйилди.
Коррупция ҳолатлари ҳақида тезкор хабар бериш мақсадида “Алоқа каналлари” ва “Call-марказ” ташкил этилди. Бунда мурожаат этувчиларнинг шахсий маълумотлари махфийлиги қонунчиликка мувофиқ таъминланади.
Вазирлик коррупцияга қарши курашиш борасидаги бу каби ишларни келгусида ҳам тизимли равишда давом эттиради, жисмоний ва юридик шахсларнинг бу соҳадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.
Ҳурматли мактабгача ва мактаб таълими тизими жамоаси,
Қадрли ота-оналар!
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари, тизим ташкилотлари, мактабгача ва мактаб таълими муассасалари ходимларининг коррупциявий хатти-ҳаракатларига гувоҳи бўлсангиз ёки уларнинг қонунчиликка зид бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига алоқадорлиги юзасидан маълумотларга эга бўлсангиз, вазирликнинг “Ишонч телефони” (71-202-09-09) ёки мазкур алоқа каналлари орқали ўз мурожаатингизни йўллашингиз мумкин:
https://t.me/mmtv_anticorbot
https://uzedu.uz/uz/page/korrupsiyaga-qarshi-kurashish
https://vazir.uzedu.uz/
https://t.me/uzedu_vazirbot
info@uzedu.uz
Сизнинг ушбу мурожаатларингиз махфийлиги кафолатланади ҳамда тасдиқланган коррупцион ҳолатлар бўйича кескин чоралар кўрилади.
Шу ўринда тизим ходимларини коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлишга, шунингдек, ўз хизмат вазифаларини ҳалоллик, холислик ва масъулият билан бажаришга яна бир бор чақириб қоламиз.
