Ҳокимият ҳақида

Ташкил топган вақти – Милоддан аввалги VI аср.
Самарқанд – қадимий шаҳар, вилоят ва туман шу ном билан аталган. Тарихчилар бу шаҳарни Вавилон, Фива, Афина, Рим ва бошқа шу каби шаҳарлар билан тенгдош ҳисоблашади. Топонимнинг этимологияси ҳақида турли қарашлар бор. Тадқиқотчиларнинг қарийб барчаси топонимнинг иккинчи қисмини туркийча – кент, – қанд, яъни қишлоқ, шаҳар деб ҳисоблайдилар.
Соҳибқирон Амир Темур 1370 йилда Самарқандни ўз давлатининг пойтахти қилиб танлар экан, қадимги Самарқанд – Афросиёбни қайта тиклашдан кўра, янги шаҳарни бунёд этишни маъқул топди. Афросиёб харобалари қайта тикланмади, балки унинг жанубий томонида янги шаҳар барпо қилишга киришилди. Шу туфайли Самарқанд икки тарихий ўринга эга шаҳар сифатида машҳурдир.
Амир Темур илм-фан, санъат ва маданиятга чин маънода хомийлик қилганлиги туфайли Самарқандда меъморчилик, шеърият, илм-фан, монументал рангтасвир, манзарали рангтасвир, тўқимачилик санъати, наққошлик, кандакорлик, тоштарошлик, шишасозлик, кулолчилик ғоятда ривожланди.
Самарқандда Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даврида порлаган илм-фан, санъат-маданият маёғи ҳозирги Эрон, Ҳиндистон, Хуросон, Туркия ҳудудида ҳам илм-фаннинг ривожига катта таъсир кўрсатди.
Биринчи Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Самарқанд вилояти ҳар томонлама обод қилиниб, бутун жаҳондан келадиган меҳмон ва сайёҳларнинг ҳавасини тортмоқда. Имом Бухорий мажмуасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, бундай муқаддас қадамжоларнинг янада обод бўлгани кўпгина мусулмон мамлакатлари давлат арбоблари ва жамоатчилиги, минглаб зиёратчиларнинг юксак эътибори ва ҳурматига сазовор бўлмоқда.
Бу хайрли ишлар бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Манзил: 140157, Самарқанд шаҳри, Кўксарой кўчаси, 1
Тел: (+998) 66 230 47 77
Иш вақти: Душанба-жума
09:00 дан - 18:00 гача
Тушлик: 13:00 дан -14:00 гача
