ФАО бош қароргоҳида самарали ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди
2023-02-23 17:20:42 / Янгиликлар

Учрашув давомида ФАОнинг иқлим ўзгаришига мослашиш, ерларнинг деградацияси, экинлар ва биологик хилма-хиллик йўқолишига қарши курашишга бўйича амалга оширилаётган қўшма лойиҳалари муҳокама қилинди.
Ташкилот Бош директорининг биринчи ўринбосари Ўзбекистон кейинги йилларда минтақада муҳим ташаббусларни илгари суриб, ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва Глобал экологик жамғарма (GEF) маблағларини жалб этган ҳолда грант лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этиб, муносиб ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади.
Маълумот учун: ФАО билан биргаликда GEFнинг умумий қиймати 25,2 млн. долл. бўлган 5 та лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Орол денгизи экологик фалокати оқибатларини юмшатиш борасидаги ташаббусларини алоҳида эътироф этди.
БМТ томони Картахена протоколига мувофиқ биохилма-хилликни сақлаш ва ўсимликлар генетик ресурсларини барқарор фойдаланишга қаратилган лойиҳани амалга ошириш учун ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.
GEF 8-молиялаш даври (2022-2026 йиллар) доирасида грант маблағларини жалб қилиш мақсадида 6,4 миллион доллар миқдоридаги лойиҳа концептсиясини илгари суриш бўйича келишувга эришилди.
Шу билан бирга, томонлар GEFнинг глобал тақсимоти доирасида трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш, шунингдек, турғун органик ифлослантирувчи моддаларни хавфсиз бошқариш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини таъкидладилар.
Ўзбекистон делегациясининг учрашуви ФАО бош қароргоҳида ташкил этилган «Ўзбекистон» тематик залида бўлиб ўтди. (ФАО) Бош директорининг биринчи ўринбосари Т. Лоран анъанавий ўзбек қадриятларини ўзида мужассамлаштирган ушбу мўъжаз зал ҳақида ҳам сўз юритиб, уни ходимларнинг энг севимли масканларидан бири эканлигини эътироф этди.
Йиғилиш якуни бўйича ФАО вакиллари жорий йилнинг кузида Самарқанд шаҳрида БМТнинг чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш, шунингдек, кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвонлар турларини сақлаш бўйича бўлиб ўтадиган юқори даражадаги тадбирларига таклиф этилди.
